Юртимизда хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда сиёсий партияларнинг иштироки ва амалий лойиҳалари аёллар фаоллигини оширишда муҳим кўмакчи бўлмоқда.
Пойтахтимизда “Адолат” СДП “Адолатчи аёллар” қанотининг V ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Тадбирда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва гендер тенглигини мустаҳкамлаш йўлида эришилаётган натижалар муҳокама қилинди. “Адолатчи аёллар” қанотининг 2021-2025 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, келгуси беш йиллик учун стратегик вазифалар ва истиқболли режалар белгилаб олинди.

Тадбирда дастлаб “Адолатчи аёллар” қаноти республика кенгаши раиси, Қонунчилик палатасидаги фракция аъзоси Гулруҳ Агзамова 2021-2025 йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Қайд этилганидек, ўтган сайловларда Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партиядан сайланган аёл депутатлар сони 271 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб улар 324 нафарга етган.
Ҳисобот даврида аёлларнинг сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган 26 минг 693 та семинар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб, 600 мингдан ортиқ хотин-қизлар қамраб олинган. Ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида 371 та ўрганиш ишлари ташкил қилинган.
Халқ депутатлари туман-шаҳар Кенгаши сессияларига хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган 324 та масала киритилган ва тегишли қарорлар қабул қилиниши натижасида муаммолар ҳал этилган.
Ҳисобот даврида “Оилалар мустаҳкамлиги – жамият тараққиёти гарови” мавзусидаги давра суҳбатлари орқали 1 минг 893 нафар оила яраштирилишига эришилган. “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида эса 4 минг 831 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланган.
Шунингдек, анжуманда “Адолатчи аёллар” қаноти республика кенгаши раиси ўринбосари Ойдин Абдуллаева “Хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш бўйича узоқ муддатли амалий ҳаракатлар дастури”ни тақдимот қилди. Жами 5 банддан иборат дастур 2025-2029 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган мақсадларни қамраб олган.
Конференция иштирокчилари партиянинг хотин-қизлар билан ишлаш йўналишидаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари ҳақида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар. Якунда кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА