Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адолат – жамият тараққиётининг омили
11:24 / 2025-11-21

Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш нафақат давлат сиёсатидаги устувор йўналиш, балки ҳар бир фуқаронинг виждони, масъулияти ва фаол фуқаролик позициясини талаб этади. Шу маънода, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилаётган амалий тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.

Бошқарма ташаббуси билан вилоятнинг барча ҳудудий бўлимларида “Коррупциянинг олдини олиш – ҳар бир ходимнинг бурчи” мавзусидаги давра суҳбатлари уюштирилди. Унда раҳбарлар, масъул мутахассислар ва ходимлар қатнашиб, ушбу иллатнинг жамият ва давлат тараққиётига етказадиган зарари ҳақида очиқ ва самимий фикр алмашдилар.

Қайд этилганидек, коррупцияга қарши кураш – бу битмас жараён. У доимий тарғибот, мисол ва ибрат орқали амалга оширилганда самара беради. Чунки, поклик ва адолат бўлган жойдагина ҳақиқий тараққиёт ва ишончли келажак бўлади.

– Тадбирда нотиқлар томонидан коррупция фақат қонун билан эмас, балки виждон ва ахлоқ билан ҳам енгилиши мумкинлиги эслатиб ўтилди, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси катта инспектори  Жамолиддин Одилов. – Қолаверса, суҳбатларда ушбу йўналишдаги фармон ва қарорлар, қабул қилинган қонун ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Бундай тадбирлар ходимларда ҳуқуқий онгни ошириш, ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш ва фуқароларда давлат идораларига бўлган ишончни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.