Умрлар бор – бир яшагулик. Умрлар бор – мангу яшагулик. Шундай умр эгалари борки, уларнинг ҳаёт йўли фақат шахсий тақдир эмас, балки бир даврнинг маънавий қиёфасига айланади.
Ана шундай инсонлардан бири – Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган юрист, “Дўстлик” ордени ва “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, суд фахрийси Парахат Айтниязов муборак 75 ёшни қарши олди.
Нукус шаҳрида ўтказилган тантанали анжуман фақат юбилей эмас, балки бир умрлик садоқат, ирода ва адолатга бағишланган ҳаётнинг эътирофи сифатида ўтди. Тадбирда ҳамкасблар, шогирдлар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.

Анжуманда Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев Парахат Айтниязовнинг ҳаёт йўлини, тасодифлар эмас, балки аниқ мақсад, мустаҳкам ирода ва адолатга бўлган чуқур ишонч асосида қурилган ибратли йўл дея таърифлади.
Дарҳақиқат, унинг меҳнат фаолияти ҳуқуқшунослик соҳасида алоҳида саҳифаларни ташкил этади. У Нукус шаҳар суди судьясидан тортиб, Қўнғирот туман суди раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари, собиқ иттифоқ Адлия вазирлиги катта маслаҳатчиси каби масъул лавозимларда ишлади.

Мустақилликнинг илк йилларида эса қонунчилик ва ҳуқуқ тартибот қўмитасига раҳбарлик қилиб, янги давлатчилик пойдеворини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди. У Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди раиси лавозимида ўн беш йил давомида одил судловни таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида сабот билан меҳнат қилди.
Парахат Айтниязов нафақат раҳбар, балки устоз сифатида ҳам юзлаб ёш ҳуқуқшуносларга ҳаёт мактаби бўлди. Бугун унинг шогирдлари турли масъул лавозимларда адолат анъаналарини давом эттирмоқда. Бу устоз меҳнатининг энг катта самарасидир.
Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Исламов унинг жамият ривожига қўшган ҳиссаси, юксак инсонпарварлик фазилатларини алоҳида эътироф этди.

Тантана якунида устознинг ҳаёт йўли ибрат сифатида тилга олинди. У ҳақда “Бу одам худди чинордек – илдизлари чуқур, сояси кенг” дея таъриф берилди. Дарҳақиқат, айрим инсонлар борки, уларнинг умри йиллар билан эмас, эзгу амаллар билан ўлчанади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА