8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари ходимлари куни
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилиб келаётган прокуратура тизимига ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Юксак эътибор ва эътироф ифодасидан руҳланган ҳолда, юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари муҳим ўрин тутиб, суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш орқали адолат қарор топишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

– Ижро тизими адолат кафолатидир. Шу маънода, суд қарорининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дейди Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов. – Бюро фаолияти фақат расмий ижро ҳаракатлари билан чекланиб қолмасдан, жамиятда ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлаш, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, Наманган вилоятида ўтган 2025 йил давомида суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Йил якунида икки триллион сўмдан зиёд маблағ ундирилиб, жами 600 мингга яқин ҳужжатлар ижро этилди. Шунингдек, давлат фойдасига 985 миллиард сўм ундириб берилди.

Бугунги кунда бюро идораларига келиб тушаётган мурожаатларнинг қарийб 60 фоизи алимент масалалари билан боғлиқ. Бу эса давлат ижрочиларидан нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий ёндашувни ҳам талаб этади. Шу мақсадда “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий қилиниб, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда узоқ вақтдан бери алимент тўламаётган қарздорлар билан манзилли ишлар олиб борилмоқда. Натижада, жамоатчилик иштирокида олиб борилган тарғибот тадбирлари орқали 5 минг 439 оила яраштирилди. Иш билан банд бўлмаган 4 минг 997 нафар алимент тўловчи ишга жойлаштирилиб, уларнинг тўлов қобилияти тикланди.

Суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш тизими 2025 йилдан бошлаб янада такомиллаштирилди. Қонунчиликка киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар ижро жараёнларини рақамлаштириш, давлат ижрочиларининг ваколатлари ва масъулиятини аниқ белгилаш, фуқаролар учун қулай ҳуқуқий механизмларни жорий этишга қаратилган.
Янги ҳуқуқий нормаларга мувофиқ, ижро ҳаракатларини электрон тарзда амалга ошириш имкониятлари кенгайтирилиб, ижро жараёнларида шаффофлик ва тезкорлик таъминланмоқда. Бу эса суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш билан бирга, инсон омили таъсирини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Ижро тизими самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг моддий-техник таъминотига ҳам боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, байрам арафасида Мажбурий ижро бюросининг Янги Наманган туман бўлими учун янги маъмурий бино фойдаланишга топширилди. Замонавий талабларга жавоб берадиган ушбу бино фуқаролар учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади, албатта.
Шунингдек, давлат ижрочилари замонавий планшетлар билан таъминланиб, бўлимлар учун янги компьютер жамланмалари харид қилинди. Бу эса ижро ҳаракатларини жойида туриб электрон тарзда амалга ошириш, маълумотлар базаси билан ишлаш ва ҳисоб-китобларни аниқ юритиш имконини бермоқда.
Аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этиш, суд қарорлари ижроси билан боғлиқ муаммоли масалаларга ечим топиш мақсадида сайёр қабуллар тизимли равишда ўтказиб келинмоқда. Бу қабуллар мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, таҳлил этиш ва қонуний ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Оқилхон Дадабоев ёзиб олди.
ЎзА.