French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адолат ва инсонпарварлик сари қадам
12:15 / 2025-06-13

Йиллар давомида ногиронликни белгилаш тизими бўйича кўплаб эътирозлар билдирилган, бу йўналишдаги тартиб ва жараёнлар фуқароларга кўплаб ноқулайликлар туғдириб келган эди.

– Бугунда давлат раҳбарининг ташаббуси билан бу борадаги муаммоларга барҳам берилмоқдаПрезидентнинг қарори асосида ногиронликни белгилаш тартиби тубдан янгиланиб, инсон саломатлиги ва ҳолатини баҳолашда замонавий, инсонпарвар ёндашув жорий қилинди. Эндиликда ногиронликни белгилаш жараёни учта йўл орқали бажарилади. Яъни, my.gov.uz портали, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда ижтимоий ходимлар ёрдамида, оилавий шифокорга мурожаат қилиш йўли билан амалга оширилади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Умиджон Умаров

Янги тартибнинг устун жиҳати ногиронлик эндиликда фақат тиббий ҳужжатлар асосида эмас, балки фуқаронинг функционал имкониятлари ва амалдаги соғлиғи ҳолати асосида баҳоланади. Қарор эса айнан шу куннинг ўзида электрон шаклда қабул қилинади.

– Авваллари ногиронлик гуруҳига чиқиш жуда қийин эди, – дейди 2-гуруҳ ногирони Мавлуда Атақулова. – Ўнталаб ҳужжат йиғиш, навбат кутиш, шифокор қабулида соатлаб қолиш касал тугул, соғ одамни ҳам ҳолдан тойдирарди. Энди эса ижтимоий ходим ўзи уйга келади, ҳужжатлар осонлик билан йиғилади. Телефонимизга хабар келиб, қачон ва қаерга боришимизни билдиради. Жуда қулай ва одилона тизим яратилганига миннатдорман.

Ушбу ислоҳотлар ногиронлиги бўлган фуқароларга нафақат қулайлик, балки адолат, очиқлик ва ҳурмат асосида ёндашувни кафолатлайди. Бу инсон саломатлиги ва қадр-қимматини эътироф этиш йўлида муҳим қадамлардан биридир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.