Муносабат
Жаҳон ҳамжамиятининг энг нуфузли минбарларидан бири – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида сўзланган ҳар бир нутқ халқаро сиёсат оламида муҳим ўрин эгаллайди. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда билдирилган фикр ва ташаббуслар нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа ва жаҳон миқёсида катта аҳамият касб этди, десак хато бўлмайди.
Президентмиз ўз нутқида Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги ва тараққиёти масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу ёндашув мамлакатимиз томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсатнинг тинчликсевар, инсонпарвар ва адолатпарвар йўналишини намоён этади.
Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ўндан ортиқ таклиф ва ташаббуслар орасида тинчликни мустаҳкамлаш, адолатли ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, туризмни ривожлантириш ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш каби ғоялар жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, мамлакатимиз раҳбарининг нутқи Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида изчиллик ва очиқлик тамойиллари устувор эканини, жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеи, сиёсий қудрати, ўзининг қатъий позициясини яна бир бор кўрсатиб берди. Миллий манфаатлар билан бир қаторда бутун инсоният тақдирига дахлдор масалаларни кўтариб чиқиш бу юксак сиёсий масъулият ва етук давлат раҳбарининг ўзига хос фазилатидир.
Давлатимиз раҳбари мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратишни таклиф этди.
Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, миллатлараро муносабатларни ривожлантириш, иқтисодий тараққиёт, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва барқарор атроф муҳитни сақлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва ижтимоий соҳаларда БМТ билан ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Жумладан, 2017, 2024 йилларда БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-, 75-, 76-, 78-сессияларида, шунингдек, 2021 йил БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқлари ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирди.
Президентимиз нутқида келтирилган рақамлар юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасини яққол кўрсатиб беради. Сўнгги йилларда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилди, мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизгача, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизгача оширилди. Бу рақамлар ортида изчил, аниқ мақсадли ва стратегик ёндашувлар мужассам. Камбағалликни камайтириш бўйича кўрилган чоралар, биринчи навбатда, аҳоли учун тенг имкониятлар яратиш, таълим ва касб-ҳунар соҳаларига инвестиция киритишга қаратилган.
БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей сессиясидаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи – Ўзбекистоннинг тинчликсевар, инсонпарвар ва адолатпарвар сиёсатининг амалий ифодаси сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланди. Унда илгари сурилган ташаббуслар нафақат глобал миқёсда, балки ҳар бир маҳаллий давлат органи, жумладан, адлия тизими учун ҳам йўл харитаси вазифасини бажаради.
Абдумуталиб Дадажонов,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи.
ЎзА.