Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Адолат” СДПнинг ўтган йилги фаолияти сарҳисоб қилиниб, бу йилги режалари белгилаб олинди
17:31 / 2023-03-24

Бугун Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг X пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг 2022 йилдаги фаолияти ҳамда 2023 йилдаги устувор вазифалари, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумида «Адолат» СДПнинг иштирокига оид масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда партия сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов маъруза қилиб, ўтган йилдаги фаолият натижалари хусусида тўхталди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ўтган 2022 йилда аъзолар сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, партия фаолларининг сиёсий билимлари ва фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида ҳисобот даврида партия аъзолари сони 46 минг 343 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 563 минг 549 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 6 минг 866 тани ташкил қилди.

Халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари иштирокида мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, ишчи гуруҳлар томонидан 4 минг 710 та маҳаллаларда аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилинди.

Партия ташкилотларига аҳолидан келиб тушган 11 минг 200 та мурожаат юзасидан тегишли мутасаддиларга 4 мингдан ортиқ депутатлик сўровлари юборилди. Уларнинг 3,5 мингдан ортиғи ўз ижобий ечимини топди. 7 минг 123 дан ортиқ мурожаатлар эса ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларига 1 минг 365 та, сессияларга эса 723 та масалалар киритилди.

Ҳисобот даврида партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бу борада “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида хотин-қизларни турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш мақсадида 1 минг 698 марта учрашувлар ташкил этилиб, 51 мингга яқин хотин-қизлар билан суҳбатлашилди. Суҳбатлар давомида хотин-қизларга “Ҳимоя ордери”ни бериш тартиблари тушунтирилди ва 229 нафар аёлларга ордер олиб беришга эришилди.

Пленумда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг 2022 йилдаги ютуқ ва камчиликлари атрофлича таҳлил қилиниб, жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор йўналишлар бўйича фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Пленумда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми ҳамда янгиланаётган Конституциямиз моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, янгиланаётган Конституция юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, унда устувор йўналиш сифатида белгиланган “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда “инсон – жамият – давлат” тамойили инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан эътиборга молик.

Жорий йилнинг 30 апрель санасида бўлиб ўтадиган референдум ҳамда янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг мазкур муҳим сиёсий жараёндаги иштироки бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди. Партиянинг бу борадаги асосий вазифалари белгилаб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА