Бугун “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг навбатдаги XVII Пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг 2025 йил олти ойлик фаолияти сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар ва йўл қўйилган айрим камчиликлар атрофлича таҳлил этилди.
Пленумда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова партиянинг 2025 йил биринчи ярмидаги фаолияти юзасидан маъруза қилди.
Маърузада таъкидланганидек, партия фаолияти давомида "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастуридан келиб чиқадиган устувор вазифалар ижроси ҳамда келгусидаги муҳим чора-тадбирларга эътибор қаратилди.
Партия Сайловолди дастури ва ғояларига ҳамоҳанг равишда бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, апрель ойида ўтказилган “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида маҳалла, мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва олий таълим муассасалари, шунингдек, тиббиёт масканларида 9 минг 262 та маънавий-маърифий тадбир, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди.
[gallery-24854]
“Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан ташкил қилинган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияси айниқса, жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Мазкур хайрли ташаббусда республиканинг барча ҳудудларидан 13 мингдан зиёд кўнгилли ва 7 минг 643 нафар донор иштирок этиб, жами 3 тонна 569 минг 990 миллиграм “ҳаёт томчилари” тўпланди.
Пленумда партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, ўтган даврда фракция йиғилишларида 255 та масала муҳокама қилинди. Бошқа партиялар фракциялари билан ҳамкорликда 6 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Қолаверса, қонун лойиҳаларини жойларда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, қонунларни такомиллаштиришда партиянинг қуйи ташкилотларидан таклифлар олиш орқали электорат манфаатларини тўла акс эттириш ишлари самарали амалга оширилмоқда. Жумладан, “Фракция – марказ – вилоят – туман” тизими орқали партия билан ҳамкорликда ўнга яқин қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамаси ташкил этилди, фуқаролар томонидан билдирилган асосли таклиф ва фикр-мулоҳазалар белгиланган тартибда масъул қўмиталарга тақдим этилди.
Шу билан бирга, партия фракцияси раҳбари ва аъзолари томонидан Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар ўтказилди.
Пленумда келгусидаги устувор мақсад-вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, коррупцияга қарши курашишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамият ҳаётида манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, мол-мулкни декларациялаш, очиқ маълумотлар ва жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, шунингдек, “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг 79-мақсадида парламент ва партиялар ролини ошириш бўйича белгиланган вазифаларни изчил амалга оширишга қаратилган режалар белгилаб олинди.
Пленум кун тартибидаги барча масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА