Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Адолат” СДП нодавлат тиббиёт ташкилотларини нотижорат ташкилотига ўтказишни илгари сурмоқда
16:42 / 2024-10-07

Жорий йилнинг 27 октябрида бўлиб ўтадиган депутатлик сайловига тайёргарлик кўриш ишлари қизғин кечмоқда. Мазкур жараёнларда “Адолат” СДП фаол иштирок этиб, янги Сайловолди дастуридаги илғор ғоя ва ташаббусларни турли соҳа вакиллари орасида кенг тарғиб этмоқда.

Хусусан, партия етакчиси Робахон Маҳмудова жамиятдаги турли қатлам вакиллари билан фаол мулоқотни таъминлаш, партиянинг мақсадлари ва янги Сайловолди дастурини кенг оммага етказиш, сайловчилар билан яқин алоқа ўрнатиш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида учрашувлар ўтказмоқда. Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтида ўтказилган навбатдаги учрашувда партиянинг олий таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ соҳаларидаги муҳим таклиф ва ғоялари қизғин муҳокама қилинди.   

Даставвал партия етакчиси олийгоҳ қошидаги музей фаолияти билан танишди. Робахон Маҳмудовага ҳамроҳлик қилган институт ректори Ботир Даминов Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти тарихи, илмий салоҳияти, олий таълим тизимида олиб борилаётган ўзгаришлар ва талаба-ёшлар ютуқлари бўйича маълумот тақдим этди.   

Шундан сўнг Сиёсий Кенгаш раиси институт фаоллар залида профессор-ўқитувчилар, партия фаоллари, талабалар билан учрашди. Учрашувда партия Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан сайлов кампанияси даврида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, пунктлар фаолияти, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари юзасидан маълумотлар берилди.   

Робахон Маҳмудова “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастури мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, “Электрон поликлиника” ва “Ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш, тиббиёт даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини “тижорат ташкилоти”дан нотижорат ташкилотига ўтказиш, хусусий тиббиёт, таълим ва овқатланиш корхоналарида санитария-эпидемиология назорати амалга оширилишини кучайтириш орқали аҳолини заҳарланиш ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш каби муҳим масалаларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.   

Таъкидланганидек, “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш учун муҳим қадам ҳисобланади. Бугунги кунда электрон технологияларни жорий қилиш орқали тиббиётни такомиллаштириш аҳамияти ниҳоятда ортиб бормоқда. “Электрон поликлиника” ва “Ягона электрон анкета” тизимлари орқали беморларга тиббий хизматларни самарали ва тезкор тақдим этиш имкони яратилади. Бу эса соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантиришга хизмат қилади.   

Нодавлат тиббиёт ташкилотларини “тижорат ташкилоти”дан нотижорат ташкилотига ўтказиш эса тиббий хизматлар сифати ва дастурларнинг умумий самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Нодавлат тиббиёт ташкилотлари доимий равишда фуқароларнинг соғлиғи учун хизмат қилиши керак, бу эса уларнинг ижтимоий масъулиятини оширади.   

Муҳтарама Комилова, ЎзА