Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида кузатилаётган экологик вазият, ҳаво сифатининг ўзгариши ва унинг аҳоли саломатлигига салбий таъсири кечиктириб бўлмас, қатъий ва тизимли чораларни талаб этаётган эди. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон айни вақтида қабул қилинган ҳаётий ҳужжат бўлди.
Бугун кенг жамоатчилик вакиллари, ташкилот ва идоралар атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш борасида ўз фикрлари, таклифларини билдирмоқда. Жумладан, ўзининг Сайловолди дастурида атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш масаласини устувор вазифа сифатида белгилаган “Адолат” социал-демократик партияси ҳам фармонда белгиланган устувор мақсадларга эришиш йўлида йўл харитасини ишлаб чиқиб, бир қатор таклифларни илгари сурмоқда.

“Президент фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича Махсус комиссия тузилиши ва унга кенг ваколатлар берилиши, шунингдек, атмосфера ҳавосини яхшилашга қаратилган кенг қамровли чораларнинг кўрилиши белгиланганлиги мавжуд муаммони ҳал этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини англатади.
Шу билан бирига, тан олиш керак, экологик муаммоларни фақатгина маъмурий чекловлар ва комиссия қарорлари билан тўлиқ ҳал этиб бўлмайди. Бу жараёнда қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойили ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, дейилади партия баёнотида.
Бу борада партия экология соҳасидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ва кескинлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқмоқчи.
“Очиқ айтишимиз керак: бугунги кунда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун белгиланган жарималар ва маъмурий чоралар кутилган натижани бермаяпти. Афсуски, кўп ҳолларда тадбиркорлар ёки қурувчилар учун дарахтни кесиб, ўрнига арзимас жаримани тўлаб, ўз биносини қуриш иқтисодий жиҳатдан “фойдалироқ” бўлиб қолмоқда.
Бу қонунчиликдаги бўшлиқ ва ўз навбатида, атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига нисбатан адолатсизликдир. Бундай қилмиш оддий ҳуқуқбузарлик эмас, балки оғир жиноят сифатида баҳоланиши зарур.
Иккинчидан, дарахтларни ноқонуний кесиш, яшил ҳудудларни йўқ қилиш, ҳаво ва сувни қасддан ифлослантириш ҳолатлари учун фақатгина жарима ёки маъмурий жазо эмас, балки озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жиддий жиноий жавобгарликни белгилаш бўйича ташаббусларни илгари сурамиз.
Қайд этиш жоизки, халқаро тажрибада ҳам экотизимнинг издан чиқишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар оғир жиноят сифатида баҳоланади. Европа иттифоқи ҳудудида содир этилган экологик жиноятлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 40 миллион еврога қадар жиноий жаримага тортиш жазоси белгиланган.
Россия Федерацияси, қўшни қардош давлатларда ҳам атроф-муҳитга зарар етказганлик учун кескин жазо чоралари белгиланган. Зотан, экологик жиноятлар учун енгил жазога йўл қўйиб бўлмайди, аксинча, бу борада қатъий ва қаттиқ жазо чоралари бугунги кун талабидир” дейилади “Адолат” СДП муносабатида.
Шу билан бирга, партия аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳит муҳофазасида барча фуқаро фаол иштирок этиши борасида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб боришни мақсад қилган.
Таъкидлаш лозимки, партиянинг бу борадаги таклиф ва муносабати атмосфера ҳавосини яхшилаш, табиат билан мувозанатни сақлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА