Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Адолат”: оммавий эшитув тадбири ўтказилди
16:48 / 2024-08-27

Нукусда Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан партиянинг Сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган оммавий эшитув тадбири бўлиб ўтди.

Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман кенгашлари ходимлари, партия фаоллари, депутатлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Тадбир мамлакатимизда 27 октябрь куни ўтказиладиган сайловлар олдидан партиянинг Сайловолди дастури лойиҳасини такомиллаштириш, аҳоли вакилларидан таклифлар олиш мақсадида ташкил этилди. Иштирокчиларни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев Сайловолди дастури лойиҳаси билан таништирди.  

Таъкидланганидек, ҳар бир сиёсий партиянинг сайловларда фаол иштирок этиши халқчил, демократик тамойилларга жавоб берадиган сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, уни аҳолига тақдим этиш ва кенг тарғиб этишга узвий боғлиқдир. Шу мақсадда  партияси ҳам жойларда ўз сайловолди дастурлари лойиҳасининг жамоатчилик эшитувлари ўтказмоқда.  

Мазкур партия ишчилар, юқори малакали мутахассислар, бюджет соҳаси хизматчилари, педагоглар, шифокорлар, илмий ва муҳандис-техник ходимлар, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари, шунингдек, келажагимиз бунёдкори ҳисобланган ёшларни ўз электорати деб билади. Шу боис партия ўзининг янги Сайловолди дастурида ҳам айнан ушбу қатлам, шу билан бирга ҳар бир ватандошимизнинг манфаатидан келиб чиқиб, аҳоли фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган, халқимизни қийнаб келаётган кўплаб долзарб масалаларнинг ечими бўйича аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда.  

[gallery-18953]

Сайловолди дастурини ишлаб чиқиш бир йил давомида амалга оширилди. Бунда “Халқдан олиб, халққа берамиз” шиори остида аҳоли орасидан олинган 20 мингдан ортиқ таклиф ва ғояларга, партия Устави ва шу пайтга қадар қабул қилинган асосий дастурларнинг танқидий таҳлилига, 150 дан ортиқ хорижий давлатдаги социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия ва ҳаракатларнинг тажрибасини ўрганишга катта эътибор қаратилди.  

Тақдимотда иштирокчиларнинг сайловолди дастури бўйича фикр ва мулоҳазалари  эшитилди, янги таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланди. Билдирилган таклифлар экспертлар томонидан ўрганиладиган бўлди.  

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.