Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адолат, нафис шеърият, серқирра ижод рамзи 
15:44 / 2024-02-14

14 февраль адиб, олим, саркарда, йирик давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан Адиблар хиёбонидаги шоир ҳайкали пойида “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида ҳарбий хизматчиларнинг тантанали саф юриши ўтказилди. Шундан сўнг Бобур ҳайкали пойига ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида гуллар қўйилди. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид икки буюк Уйғониш даврига асос солган мутафаккир бобокалонларимиз меросини ўрганиш бугун тобора долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади. 

–Бугун дунёда мураккаб мафкуравий жараёнлар кечаётган бир пайтда буюк аждодларимиз асарлари, уларда тараннум этилган ғояларни ўрганиш муҳимдир, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Бир лаҳза ҳам ором, тинчлик билмаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номига неки эзгу таърифлар бўлса тўғри келади. Алишер Навоийнинг “Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ...” деган сатрлари айнан Бобурнинг ҳаётий интилишларида устувор эди. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида Бобур таваллудининг 541 йиллиги кенг нишонланаётгани улуғ аждодларимиз меросига бўлган эътиборнинг намунасидир. 

[gallery-15965]

Тадбирда Жамоат хавфсизлиги университети тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Икромжон Маҳмудов, мазкур университет талабаси Фахриёр Бахтиёров, тарихшунос олим Жумабой Раҳимов ва бошқалар Бобур асарларининг аҳамияти хусусида сўзлади. 

– Бобур асарларида тараннум этилган ватанпарварлик, бунёдкорлик, ҳалоллик, ростгўйлик ғояларини ёшларга етказиш бугунги кунда ғоят долзарбдир, – деди Жамоат хавфсизлиги университети профессори Сайёра Тўраева. 

Маърифий тадбирда ёш ижодкорлар, курсантлар томонидан Бобур ғазалларидан намуналар ўқилди. Ҳарбийларнинг шоҳ ва шоирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. 

Анжуман доирасида китоблар, тарихий асарлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Талаба-ёшларга Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига оид китоблар туҳфа этилди. 

Назокат Усмонова, Отабек Мирсагатов (сурат), ЎзА