Шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси янги сайловолди дастурини кенг оммага таништиришга ва фуқаролар билан бевосита алоқалар ўрнатишга интилмоқда.
Мазкур фаолият доирасида Наманганда “Адолат” СДП вилоят кенгаши томонидан Тўрақўрғон туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида парламент депутатлигига номзод Саҳобиддин Султонов, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутатлигига номзод Маҳбуба Аҳмадалиева ҳамда халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгаши депутатлигига номзод Шерзод Маҳмудов сайловчилар билан учрашув ўтказди. Унда партия масъул ходимлари, фаоллар, тўрақўрғонлик сайловчилар ва ёшлар иштирок этди.

Номзодлар ўз дастурлари, режалари ва сайловдаги мақсадлари ҳақида батафсил маълумот бериб, фуқароларнинг саволларига жавоб берди. Мулоқотларда, сайловчилар ўз эҳтиёжларини, таклиф-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, уларнинг мавжуд муаммоларини ҳал қилиш юзасидан ташаббуслар ўртага ташланди.
“Адолат” СДП фуқароларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишга, ўз фикрларини эркин ифода этишга ундайди. Ушбу тамойил, сайлов жараёнида фуқаролар ўртасида ишончни кучайтиришга, ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган. Қолаверса, партия дастурида иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий барқарорликка алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур чора-тадбирлар, аҳолини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт даражасини ошириш ва ижтимоий фаровонликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Мулоқотлар давомида сўзга чиққанлар “Адолат” ғояларини, мақсад-вазифаларини қўллаб-қувватлашларини билдириб, 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда партия ҳамда унинг номзодларига овоз беришга чақирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.