Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлияга йўлланган мурожаат ижобий ҳал бўлди
10:14 / 2023-06-17

Фарғона вилояти адлия бошқармаси ва унинг тизимларига ўтган йилда 12 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг 9 мингга яқини қаноатлантирилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса бошқарма ва адлия бўлимларига 3 мингта мурожаатлар йўлланган.

Риштон тумани адлия бўлимига жорий йилнинг 15 март куни туман халқ таълими бўлими ходимлари шикоят аризаси билан мурожаат қилиб, Риштон тумани халқ таълими бўлими томонидан Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорларига асосан, 2021 йилдан халқ таълими бўлими ходимлари йиллик иш ҳақи фондининг 25 фоизига, 2022 йилдан бошлаб эса 50 фоизига тенг миқдордаги маблағлар билан рағбатлантириш белгиланган бўлса-да, ходимларга 2023 йил январь ойидан буён берилмай келинаётганлигидан норози эканликларини баён қилган.  

Мазкур ҳолат юзасидан Риштон тумани халқ таълими бўлимида 2023 йил январь ойидан тўланмай қолган ходимларнинг рағбатлантириш пулларини тўлиқ тўлаб берилиши ҳамда келгусида бўлимда ходимларни рағбатлантириш масаласининг қонунга мос ҳамда тизимли тарзда йўлга қўйилишини назоратга олиш бўйича тақдимнома киритилиб, керакли ҳужжатлар ҳамда тўлов топшириқномаларига кўра, жами 152 миллион 848 минг 950 сўм миқдорида рағбатлантириш пуллари тўлаб берилди.  

– Фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларини бажаришлари ҳамиша тараққиётга хизмат қилган. Бу борада юртдошларимизнинг ҳуқуқий билими ва мурожаат қилиш маданияти ҳал қилувчи роль ўйнайди, – дейди Риштон тумани адлия бўлими бошлиғи Муроджон Қодиралиев. – Мисол учун, бизга тумандаги “Rishtan Best Seeds” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб келаётган Ҳаётжон Далиев 2022 йил август-ноябрь ойидаги иш ҳақлари тўлаб берилмаётганлиги юзасидан норози бўлиб амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ўрганиш натижаларига кўра, фуқаро Ҳ.Далиевга август-ноябрь ойларида 4 миллион 998 минг 395 сўм иш ҳақи тўлаб берилмаганлиги, шу билан бирга, мазкур корхонанинг 47 нафар ходимларидан иш ҳақлари бўйича қарздорлиги мавжуд эканлиги маълум бўлди.  

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасига кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўлаши лозимлиги назарда тутилган. Мазкур ҳолат юзасидан “Rishtan Best Seeds” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2022 йил давомида жами 47 нафар ходимларга тўланмай қолган иш ҳақларини тўлиқ тўлаб бериш бўйича тақдимнома киритилиб, тақдимнома натижалари бўйича олинган ҳужжатлар ҳамда тўлов топшириқномаларига кўра, жами 655 миллион 293 минг 340 сўм миқдордаги иш ҳақлари ҳисоб-китоб қилиниб, тўлиқ тўлаб берилди.  

Яна бир ҳолат. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 17 майдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига мувофиқ тиббиёт муассасаси ходимларини моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар тўланиш ҳолатини мониторинг йўли билан ўрганиш белгиланган. Мазкур фармон ижроси юзасидан 2022 йил 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 174-сонли буйруғи чиқарилган ҳамда 2022 йилнинг 16 август куни республика миқёсидаги тиббиёт муассасалари раҳбарларига ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаларига кўрсатма хати ҳам киритилган.  

Бироқ Риштон тумани тиббиёт бирлашмасида 2022 йилнинг 1 июнь кунидан ўрганиш кунига қадар юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик устамалар тўланмаганлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан фармонда белгиланганидек намунали ходимларга ойлик устамалар тўлаш чораларини кўриш бўйича тақдимнома киритилиб, 1,4 миллиард сўм миқдордаги устамалар ҳисоб-китоб қилиниб, тўлиқ тўлаб берилди.  

М.Сулаймонов, ЎзА