Фоторепортаж
Фарғона вилоят адлия бошқармаси тадбирлар залида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу тадбирга адлия тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг устозлари таклиф этилди.
Тадбир аввалида, Фарғона вилоят адлия бошқармасига кичик саёҳат уюштирилди. Мўътабар устозларнинг шогирдлари қандай шароитларда меҳнат фаолиятини олиб бораётгани билан таништирилди.
Байрамда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Абдуманноп Буриев сўз олиб, ҳозирда нуронийлик гаштини сураётган ҳамда фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга салоҳиятли шогирдлар тарбиялашдаги хизмати учун миннатдорчилик билдириб, самимий тилаклар изҳор этди.
– Сўнгги даврларда юридик одоб-ахлоқ қоидалари, касб этикаси тизимда зарурий эҳтиёжга айланди, - дейди Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Абдуманноп Буриев. – Ходимларнинг мана шу касб анъаналарига амал қилишида мактабдаги бошланғич фундаментал таълим-тарбия асосий роль ўйнамоқда. Ахлоқнинг фундаментал қисмини эса биринчи устозлар бола онгига сингдиради. Уларга ҳар қанча эҳтиром кўрсатсак, шунча оз.
[gallery-8993]
Кенг жамоатчилик фаол вакилларидан бири, таниқли ижодкор, филология фанлари доктори, профессор-устоз Сиддиқ Мўмин ўз чиқишида устозлик мақоми, унинг қадри ва қиммати ҳақида ўз фикрларини билдирди. Йиғилганлар билан ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашди.
Самарали фаолияти ва фидойилиги билан ибрат намунаси бўлган устозлар муносиб тақдирланди. Уларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА