Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг йиғилишида Адлия вазирлиги раҳбариятининг 2025 йил учун белгиланган самарадорлик кўрсаткичларининг (KPI) бажарилиш ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди.
Мазкур масала юзасидан Адлия вазири ўринбосари Миржалол Аллақулиев ахборот берар экан, Адлия вазирлиги раҳбарияти томонидан 57 та самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ҳар бир соҳа кесимида муайян ишлар бажарилганини айтиб ўтди.
Жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мақбуллаштириш ва уларнинг сонини қисқартириш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини кенг жорий этиш, коррупцияга қарши экспертиза ҳажмини ошириш, давлат хизматларини соддалаштириш ва рақамлаштириш, адвокатура, суд-экспертиза ҳамда интеллектуал мулк соҳаларини ривожлантириш, “ijro.gov.uz” тизими орқали ижро интизомини таъминлаш, архив ҳужжатларини рақамлаштириш каби йўналишларда бир қатор ишлар амалга оширилган.
[gallery-28010]
2025 йил учун вазир ва унинг ўринбосарлари учун белгиланган самарадорлик кўрсаткичлари тўлиқ бажарилгани айтиб ўтилди.
Ўтган йил давомида вазирлик томонидан 30 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Амалда 557 та яхлит қонун мавжуд бўлиб, 301 таси муайян соҳаларни тартибга солади. 2025 йилда 847 та ҳуқуқий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилган.
Қайд этилганидек, давлат хизматларини соддалаштириш борасида сезиларли натижаларга эришилган. Ўтган йилда жами 30 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Бугунги кунда 1 минг 44 турдаги давлат хизматлари кўрсатилаётган бўлиб, уларнинг 80 фоизи онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Бир қатор давлат хизматларини проактив шаклда кўрсатиш йўлга қўйилган.
Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш ҳажмини ошириш борасида ҳам қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. 22 мингта интеллектуал мулк объектлари рўйхатдан ўтказилган.
Шу билан бирга, 13 миллионта архив ҳужжатлари электрон нусхаси яратилгани айтиб ўтилди.
Қўмита аъзолари томонидан кўрсаткичларнинг нафақат белгиланган миқдорларига эришилиши, балки уларнинг сифатли бажарилиши ҳолати атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, амалга оширилган ишларнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулайликларга, ҳуқуқий муҳитнинг яхшиланишига, бюрократик тўсиқларнинг камайишига таъсири юзасидан саволлар кўтарилди. Шунингдек, қонун лойиҳаларини парламент қуйи палатасига киритишда регламент талабларига риоя қилиш, айрим камчиликларни бартараф этиш борасида фикр ва таклифлар билдирилди. Кўтарилган масалаларга масъуллар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Муҳтарама Комилова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА