Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия вазирлигида ННТ вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди
15:21 / 2025-12-02

Адлия вазирлигида Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда 40 нафарга яқин ННТ раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

Бу каби очиқ мулоқотлар барча ҳудудий адлия бошқармаларида ҳам ўтказилди. Асосий мақсад –фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш, фикр алмашиш, соҳада мавжуд ислоҳотларни муҳокама этишдан иборат.

Тадбирда адлия вазири ўринбосари Н.Муҳаммадиев фуқаролик жамияти институтлари ислоҳотларнинг энг яқин ҳамкорига айланиб, ҳар йили қабул қилинадиган давлат дастурларининг 350 та банди ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар бевосита иштирок этаётганини таъкидлади.  

Яратилаётган қулай шароитлар натижасида фуқаролар ҳуқуқини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 мингта нодавлат нотижорат ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда, уларда 70 мингга яқин инсонлар меҳнат қилмоқда. 

Фуқароларимизнинг давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда, сўз эркинлиги ва ошкоралик тамойиллари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизда кузатилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишнинг жадал суръатлари, ўз навбатида, ННТ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини янада ошириш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурлигини тақозо этмоқда.  

Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар қонунчиликдаги ўзгаришлар, ННТлар учун қўшимча имкониятлар ҳақида фикр алмашиш билан бир қаторда, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди.

Мулоқот якунида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳамда ижтимоий фойдали дастурларни амалга оширишда кўрсатган ташаббуслари учун ННТ раҳбарлари Адлия вазирлиги ташаккурномаси билан тақдирланди

Н.Абдураимова, ЎзА