Адлия вазирлиги билан БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятга қарши курашиш бўйича бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик янада ривожланади.
Адлия вазири Акбар Тошқулов ва UNODCнинг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал хоним учрашувида шу ҳақда фикр алмашилди.
Қонунчилик ҳужжатларида коррупцияга шароит яратувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда суд-экспертлик соҳасини ҳар томонлама такомиллаштириш борасида эришилган ютуқлар таъкидланди.
А.Миттал Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Адлия вазирлигининг ўрни муҳим эканлигини қайд этди.

Учрашув давомида томонлар 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.
Мазкур ҳужжатда коррупцияга қарши курашиш ва активларни қайтариш тизимини мустаҳкамлаш, киберхавфсизлик ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, жиноий судлов ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликни ҳамда суд экспертизаси соҳасидаги хизматларни такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган бир қатор тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Н.Абдураимова, ЎзА