Темир йўл транспортида юк ташиш қоидаларини ўз ичига олган низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Унда Ўзбекистон ҳудудида умумий фойдаланишдаги темир йўлларда юкларнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда ташиш тартиби ва шартлари белгиланди.
Ҳужжатга асосан юк жўнатувчилар темир йўл транспортида юкларни ташиш учун юкни жўнатиш мўлжалланаётган ой бошланишидан камида 14 кун илгари темир йўл транспорти ёки унинг минтақавий бўлинмаларига буюртма бериши лозим.
Масъуллар эса темир йўл транспортида юкларни ташиш учун юк хати ва бошқа ташиш ҳужжатларини расмийлаштиради.
Юкларни ташиш вагонли, контейнерли, майда, гуруҳли ёки маршрутли жўнатмалар билан амалга оширилади.
Темир йўл транспортида: уюлган ҳолда ташиладиган ғалла юкларини ташиш; юкларни тўкилган ҳолда ташиш; очиқ ҳаракатдаги темир йўл таркибида юкларни ташиш; майда жўнатмалар билан юкларни ташиш; юк жўнатувчи ёки юкни олувчиларнинг кузатувчилари ҳамроҳлигида юк ташиш; универсал контейнерларда юкларни ташиш; музловчи ва тез бузилувчан юкларни ташиш; ҳайвонлар, паррандалар ва асалариларни ташишнинг ўзига хос хусусиятлари белгилаб берилди.
Шунингдек, темир йўл транспортида юкларни вагонларга ортиш ва тушириш муддатлари ҳамда юкларни етказиб бериш муддатлари белгиланди.
ЎзА