Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия вазирлиги: Озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилиги камайтирилади
12:27 / 2022-04-22

Дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилиги ортиб бормоқда.

БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилда дунё бўйича ишлаб чиқарилган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 1,64 миллиард тоннаси (жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 31 фоизи) чиқиндига айланган.

Шу ўринда йўқотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг фақатгина 25 фоизи бутун дунёдаги очлик муаммосини тўлиқ ҳал қилиши мумкинлигини қайд этиш зарур.

Ўзбекистонда эса ҳар йили 3 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига айланмоқда. Жумладан, биргина Тошкент шаҳрида ҳар куни  2 тоннага, йилига 730  тоннага яқин нон маҳсулоти чиқиндига ташланади.

Бу Адлия вазирлигида “Озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини камайтириш ва кам таъминланган аҳолини бепул истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш” мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида қайд этилди.  

Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа идораларнинг масъул ходимлари, шунингдек, “Korzinka.uz”, “Makro”, “Balton trading (Аsia)” каби озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи  ўндан ортиқ тадбиркорлик субъекти вакиллари иштирок этди.  

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигига хайрия қилинган маҳсулотлар учун солиқ юкининг юқорилиги, фудшеринг платформаларининг мавжуд эмаслиги, озиқ-овқат банклари фаолиятининг йўлга қўйилмаганлиги каби муаммолар сабаб бўлмоқда.

Тадбирда озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини камайтириш борасида Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Чехия, Япония, Россия, Қозоғистон каби давлатларда қўлланилаётган чоралар бўйича маълумот берилди.

Хайрия фаолияти учун солиқ имтиёзларини жорий этиш, фудшеринг платформалари  ва озиқ-овқат банклари фаолиятини ривожлантириш, яроқлилик муддатини белгилаш тизимини такомиллаштириш кабиларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш масаласи муҳокама қилиниб, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи оператори “Anglesey Food”  МЧЖ асосчиси Зафар Ҳошимов озиқ-овқат исрофгарчилигини камайтириш борасида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган, солиқ маъмурчилиги ҳамда маҳсулотларни яроқлилик муддатини белгилаш тизимини такомиллаштириш, хайрия фаолиятини ривожлантириш учун зарур электрон платформаларни яратиш каби йўналишларда қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифларни маъқуллашини қайд этди. Ушбу масала озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги ва нархларнинг кескин ошиши кузатилаётган бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга.        

Тадбир якунида озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигининг олдини олиш тизимини стратегик такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Мавжуд ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда аҳолини бепул озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга келишиб олинди.


Н.Абдураимова, ЎзА