Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия вазирлиги: меҳр улашинг ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолинг
15:12 / 2025-05-16

Адлия вазирлиги Республика қон қуйиш маркази билан  ҳамкорликда “Меҳр улаш” номли донорлик – қон топшириш акциясини ўтказди.

Акция аҳолининг эътиборини донорликнинг аҳамияти ва  қоннинг инсон ҳаётини сақлаб қолишдаги ҳаётий муҳим ролига қаратишга мўлжалланган. 

Ўзбекистонда ҳар йили ўн минглаб беморлар – бахтсиз ҳодисалар қурбонлари, онкологик касалликларга чалинган беморлар ёки мураккаб жарроҳлик амалиётларидан ўтаётган одамлар донор қонига муҳтож бўлади.

Донор қонига бўлган талаб доимий равишда юқори бўлиб, мавжуд захиралар кўпинча барча эҳтиёжларни қондириш учун  етарли эмас. Айниқса, кам учрайдиган қон гуруҳлари муаммоси жиддий бўлиб, бу мунтазам донорликнинг янада муҳимлигини кўрсатади.

Жумладан, ЖССТ маълумотларига кўра, аҳолининг қон таркибий қисмларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун донациялар сони ҳар 1000 аҳолига камида 10 тани ёки умумий аҳолининг 1 фоизини ташкил  этиши керак. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 5 нафарга тенг. Агар бу 10 нафарга етса, қонга бўлган талаб 100 фоиз қондирилади. Агар бу кўрсаткич 50 нафарга етказилса, донор қонига бўлган талабни қондириш билан бирга, мутахассислар қон плазмасини қайта ишлаш орқали албумин ва  иммуноглобулин дори воситаларини олишлари мумкин бўлади.

“Меҳр улаш” акцияси адлия органлари тизимида 2021 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Унда тизим ходимлари билан бир қаторда барча хоҳловчилар – Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари ҳам иштирок этиш имкониятига эга. 

Акция кўплаб иштирокчилар учун нафақат қон топшириш, балки жамият бирлиги ва ўзаро қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти ҳақида ўйлаш имкониятига айланди. Акция бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилмоқда.

“Меҳр улаш” акцияси нафақат шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлганларга зарур қон захирасини таъминлаш, балки муаммонинг долзарблиги ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган. 

Ҳар бир киши инсон ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин ва бунинг учун алоҳида куч талаб қилинмайди – шунчаки қон топшириш кифоя.

Адлия вазирлиги барча бефарқ бўлмаганларни “Меҳр улаш” акциясини қўллаб-қувватлашга чақиради. 

Қон топшириш – саховатнинг энг оддий ва айни пайтда энг муҳим  кўринишларидан биридир. Ҳар бир донация билан донорлар жамиятдаги бошқа одамларнинг ҳаётига бевосита таъсир ўтказиш  имкониятига эга. 

Н.Абдураимова, ЎзА