Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия вазирлиги: Лицензиялар қисқариши туфайли тадбиркорларнинг 40 миллиард сўм маблағи тежалади
22:33 / 2020-08-26

Фармонга асосан 200 га яқин белгиланган бюрократик жараёнлар қисқартирилди. Хусусан соҳага илк маротаба хабардор қилиш тартиби алоҳида институт сифатида жорий этилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан Президентимизнинг 2020 йил 24 августдаги “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонида белгиланган муҳим вазифалар ҳақида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Фармонга асосан 200 га яқин белгиланган бюрократик жараёнлар қисқартирилди. Хусусан соҳага илк маротаба хабардор қилиш тартиби алоҳида институт сифатида жорий этилмоқда.

Яъни лицензияланадиган 17 фаолият йўналиши ва 14 турдаги рухсатномалар хабардор қилиш механизмига ўтказилади. (Мисол учун: мактабдан ташқари таълим, ломбард, ветеринария даволаш).

Лицензияланадиган 70 фаолият йўналиши ва 35 рухсатнома бекор қилинади ёки муқобил шаклларга ўтказилади.

Натижада тадбиркорлик субъектларининг йилига қарийб 40 миллиард сўм маблағи иқтисод қилинади.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади. Яъни “Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, барча лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни ягона портал орқали ҳужжат топшириш, кўриб чиқиш ва уни бериш амалиёти йўлга қўйилади Бу эса коррупциявий ҳолатларнинг юзага келишини чеклайди.

Фармон билан лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга 115 ҳужжатни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. 14 турдаги фаолият бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддати қисқартирилади.

Ваколатли органлар ташаббуси билан лицензия ва рухсатномаларни тугатиш ва бекор қилиш эндиликда фақат суд тартибида амалга оширилади.

Соҳага самарали жамоатчилик назорати механизмлари жорий этилмоқда. Яъни фуқаролар бирор-бир шахсинг муайян фаолият билан лицензиясиз, рухсатномасиз ёки хабарнома юбормасдан шуғулланаётгани ҳақида хабар берса, ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топган тақдирда ундирилган жариманинг ўн фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Матбуот анжуманида Адлия вазирлиги масъул ходимлари томонидан тадбиркорлар ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.