Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия вазирлиги: энг яхши ўқитувчи ва ўқувчилар аниқланди
12:29 / 2024-03-01

Адлия вазирлигининг юридик техникумлари ва Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицей ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” ҳамда юридик техникумлар ўқувчилари ўртасида “Энг иқтидорли ўқувчи” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Танловларнинг ҳудудий босқичларида юқори натижаларни қайд этган ва ҳудудий танлов ҳакамлари ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра тавсия этилган иштирокчилар танловнинг республика босқичида қатнашди. 

“Энг иқтидорли ўқувчи” танловининг республика босқичи тўрт шарт асосида олиб борилди. Иштирокчилар таништирув, муаммоли вазиятга ечим топиш, тақдим этилган ҳужжатлар таҳлили ва хорижий тилларни билиш даражасига эга эканлиги бўйича баҳоланди. 

“Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” танлови ўқитувчи томонидан бажарилган ишлар, унинг ҳуқуқий билими, педагогик салоҳияти, нотиқлик маҳоратини намоён этувчи тақдимот ҳамда ҳуқуқий муаммога ўқитувчининг таклифи сингари мезонлардан иборат шартлар асосида олиб борилди. 

Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳолаб борилди. 

Якуний натижаларга кўра, ҳар иккала танловда юқори кўрсаткичларни қайд этган иштирокчилар Адлия вазирлигининг махсус дипломлари, пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари билан, шунингдек, учта номинация бўйича тақдирланди. 

Жумладан, “Энг иқтидорли ўқувчи” танловида Хоразм вилояти юридик техникуми ўқувчиси Шаҳло Отаева 1-даражали диплом, 3,4 миллион сўм, Наманган вилояти юридик техникуми ўқувчиси Наимахон Исаева 2-даражали диплом, 2,7 миллион сўм, Андижон вилояти юридик техникуми ўқувчиси Асила Иномбекова 3-даражали диплом ҳамда 1,7 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланди. 

“Энг илғор ўқувчи” номинациясида Тошкент шаҳар юридик техникуми ўқувчиси Муслимахон Анварова, “Энг зукко ўқувчи” номинациясида Қашқадарё вилояти юридик техникуми ўқувчиси Севинч Салимжонова, “Энг ташаббускор ўқувчи” номинациясида Фарғона вилояти юридик техникуми ўқувчиси Мухлиса Холматова рағбатлантирилди. 

“Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” номинациясида Жиззах вилояти юридик техникуми ўқитувчиси Ҳожиакбар Муҳамадиев 1-даражали диплом, 10 миллион сўм, Наманган вилояти юридик техникуми ўқитувчиси Гулчеҳра Рустамова 2-даражали диплом, 7,5 миллион сўм, Сирдарё вилояти юридик техникуми ўқитувчиси Ҳасан Абдувоидов 3-даражали диплом, 5 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланди. 

Бундан ташқари, танловлардаги фаол иштироки учун барча қатнашчилар Адлия вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Н.Абдураимова, ЎзА