French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия вазирлиги: 2,5 мингга яқин эскирган қонун ҳужжати ўз кучини йўқотади
14:20 / 2020-09-26

Барча соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган дастурларни амалга ошириш қонун ҳужжатлари сонининг ортишига олиб келди.


Барча соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган дастурларни амалга ошириш қонун ҳужжатлари сонининг ортишига олиб келди. Ҳужжатларнинг кўплиги, тарқоқлиги амалиётда уларни тушунишни қийинлаштириб, ҳуқуқий тафовут ва коллизияларга йўл очмоқда, ҳаддан ташқари тартибга солиш ва бюрократияга замин яратмоқда.

Мазкур муаммони ҳал қилиш учун халқаро тажрибада “тартибга солиш гильотинаси” усулидан фойдаланилади. Бу амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш орқали уларни саралаш, тасдиқлаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш демакдир.

Яъни иқтисодий ривожланиш стратегияси, қонунийлиги ва зарурати нуқтаи назаридан асоссиз бўлган, шунингдек, қонуний ва зарур ҳисобланса-да, жамият ва бизнес учун қулай бўлмаган ҳар қандай тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни максимал даражада соддалаштириш “тартибга солиш гильотинаси”нинг асосий тамойиллари ҳисобланади.

Ҳозирга қадар мамлакатимизда яхлит 728 қонун, 423 Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, 2538 Президент фармони, 2699 Президент қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 10245 қарори ва 1895 идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда кўп сонли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари мавжуд.

Қонун ҳужжатларининг кўплиги нафақат аҳоли, юридик шахслар, балки ҳуқуқни қўлловчи давлат хизматчиларига ҳам ноқулайлик туғдиради.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони билан норма ижодкорлиги жараёнида амал қилиш лозим бўлган бир қатор принципиал ўзгаришлар белгиланди.

Хусусан:

Биринчидан, Парламент палаталари, Президент, Ҳукумат ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг индивидуал ва ташкилий тусдаги ҳужжатларини улар томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқлашнинг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.

Иккинчидан, янги таҳрирдаги қонун ҳужжати ўрнига бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжатини кучини йўқотган, деб топишни назарда тутувчи янги қонун ҳужжатини қабул қилиш амалиёти жорий этилади ва аввал қабул қилинган бундай қонун ҳужжатлари қайта кўриб чиқилади.

Учинчидан, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш ҳамда тадбирлар ўтказишни ташкил этиш юзасидан қабул қилинган ҳужжатлари тегишли йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган, деб топилади.

Бу жараёнда Адлия вазирлигининг роли қандай бўлади?

Шуни тан олиш керакки, қонун ҳужжатлари ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш масаласида 10 йилдан ортиқ даврда айрим ишлар амалга оширилган, қарорлар қабул қилинган бўлса-да, бу соҳада тизимли сиёсат олиб борилмаётган эди.

Фармон билан Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди. Бу эса нуқсонларни бартараф этиш, янги уфқларни очишга хизмат қилади.

Бунда Адлия вазирлиги ҳар йили мамлакатда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тайёрлайди, уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилган ҳолда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиши тартиби жорий этилаётгани тартибга солиш субъектларининг масъулияти ошишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, фармонда тартибга солиш сиёсатининг яхлитлигини таъминлашга қаратилган институционал ўзгаришлар назарда тутилган. Масалан, эндиликда Адлия вазирлигининг Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилади. Барча давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларида тартибга солиш таъсирини баҳолаш учун масъул ходимлар тайинланади.

Шуниси эътиборга моликки, янги бошқарма зиммасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда аниқланган қоррупциоген омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўриш ва тавсиялар ишлаб чиқиш, коррупция келиб чиқишига шароит яратаётган қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар, қоидалар ва нормаларни аниқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётда қўлланилишида коррупциявий тусдаги хавфларни таҳлил қилиш вазифалари ҳам юкланган.

Очиқ платформа” ва қайта алоқа

Тартибга солиш таъсирини камайтириш доирасида гуруҳ бўлиб ишлаш технологияларини шакллантириш ва ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш учун regulation.gov.uz порталида “очиқ платформа” (open platform) жорий этилади.

Жамоатчилик, бизнес ҳамжамияти, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик, шу жумладан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини амалга ошириш доирасида қайта алоқа механизмларининг йўлга қўйилиши эса “кам хато, кўп натижа” принципи асосида фаолият самарадорлигини таъминлашга олиб келади.

Шунингдек, фармонда давлат органлари ва ташкилотлари билан тематик онлайн учрашув ва муҳокамалар ўтказиш бўйича ташаббус кўрсатиш, қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсирини баҳолашда “краудсорсинг” имкониятларидан фойдаланиш, шу жумладан, онлайн сўровномалар ўтказиш каби прогрессив ва замонавий иш усуллари йўлга қўйилиши ушбу йўналишдаги ишлар муваффақияти гарови бўлади.

Баъзан янгиланишлар, ислоҳотлар жараёнида, ўзгаришларнинг руҳига бутунлай мос келмаган қандайдир тартиб-қоидалар учраб туриши бор гап. Уларни аниқлаш, тан олиш ва ўз вақтида воз кечишдан қўрқмаслик керак.

Дастлабки тахминларга кўра, янги тартиб билан Адлия вазирлиги таклифи асосида 2,5 мингга яқин эскирган, бюрократик тўсиқлар ҳосил қилаётган қонун ҳужжати ўз кучини йўқотади.

Тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг замонавий усул ва механизмлардан фойдаланиш ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнининг такомиллашишига, қонунчилик юкининг камайишига, унинг халқчил бўлишига хизмат қилиш билан бирга давлат бошқарувининг самарадорлиги ошишига ҳисса қўшади.

Худоёр Мелиев,

Адлия вазирлиги масъул ходими.