Давлат хизматлари марказлари одамлар учун қулайликлар марказларига айланди – ҳар қандай хизмат бир бинода, бир жойда. Энди аввалгидек идорама-идора юришга асло ҳожат йўқ.
Давлат хизматлари марказлари янги ташкил этилган 2017 йилда 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 335 тага етди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилаётган хизматлар сони эса 580 дан ошди.
Давлат хизматлари марказлари филиаллари сони 138 та бўлди. Муҳими, барча марказлар энг замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган.
Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2023 йил давомида Давлат хизматлари марказлари томонидан 13 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Давлат хизматлари марказларидаги вазият билан танишиш мақсадида Юнусобод тумани Давлат хизматлари марказида бўлдик.
Замонавий, шарқона услубда бунёд этилган марказ биносига кирган кишининг баҳри дили очилади. Киришингиз билан ходимларнинг муомаласидан кайфиятингиз кўтарилади.
Электрон навбат олиб, бироз кутсангиз бас, ишингиз тезда битади.
Марказ раҳбари Баҳром Қодировнинг айтишича, марказда 334 турдаги давлат хизматлари бевосита кўрсатилмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эса аҳоли 580 турдаги давлат хизматларидан фойдаланмоқда. Бунинг ўзига яраша қулайликлари бор, албатта. Онлайн хизматдан фойдаланувчилар учун давлат божи тўлашда 10 фоизлик имтиёз қўлланилади. Қолаверса, бу фуқароларнинг вақтини тежашга ҳам ёрдам беради. Бевосита мурожаат этаётган фуқароларга ҳам зарур қулайликлар яратишга ҳаракат қилинмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор шахслар, қариялар, ҳомиладор аёллар, ёш болалиларга навбатсиз хизмат кўрсатилади. Қолган фуқаролар электрон навбат орқали хизматдан фойдаланади. Бунда ҳам хизматлар уч тоифага ажратилган ҳолда, яъни осон, ўрта ва мураккаб тамойили асосида кўрсатилмоқда. Тез битадиган ижтимоий хизматлар – коммунал, боғча каби масалаларга фуқаролар кўп кутиб қолмаслиги учун қулай усул йўлга қўйилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2e3-U7uVZ3M" title="Adliya vazirligi: 13 milliondan ortiq davlat xizmatlari koʻrsatildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Мазкур марказга бир кунда 1 минг 200 дан ортиқ фуқаро ташриф буюрмоқда.
– Марказга тез-тез келиб тураман, бу ерда барча шароитлар яратилган, – дейди юнусободлик фуқаро Феруза Турғунова. – Барча саволларга нафақат жавоб, балки ечим топиш мумкин. Илгари хизматлардан фойдаланиш учун кўп жойга боришга тўғри келар эди. Ҳозир эса тадбиркорларга ҳам, фуқароларга ҳам катта қулайлик яратилган.
2023 йилда ДХМ ва Ягона портал орқали энг кўп кўрсатилган хизматлар доимий яшаш жойи тўғрисида маълумотнома бериш (2,2 миллиондан ортиқ), электрон рақамли имзо калитини бериш (2,1 миллиондан ортиқ), болани боғчага жойлаштириш учун навбатга қўйиш (1,8 миллиондан ортиқ), солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш (1,4 миллиондан ортиқ), кадастр паспортини шакллантириш (700 мингга яқин)ни ташкил этди.
Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш давлат хизматини кўрсатиш имкониятига эга марказлар сони 134 тага, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш ва алмаштириш давлат хизматини кўрсатиш имкониятига эга марказлар сони 26 тага ҳамда ID-карта расмийлаштириш давлат хизматини кўрсатиш имкониятига эга марказлар сони 25 тага етказилди.
Шунингдек, 2023 йил давомида ДХМ биносига кирмаган ҳолда хизмат натижасини олиш мумкин бўлган 13 та туман ва шаҳарларда “DXM drive” хизмати йўлга қўйилди.
Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ДХМ биносида “Навбатсиз хизмат маскани” фаолияти йўлга қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, Давлат хизматлари марказларида халққа максимал қулайликлар яратилган.
Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов (видео), ЎзА мухбирлари.