Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия вазирининг сайёр қабули тадбиркорлар учун нима бермоқда?
12:19 / 2019-10-31

Тадбиркорлар ҳузурига бориш, мурожаатларни жойида ҳал қилиш халқ билан мулоқотнинг энг самарали усулларидан бирига айланди.

Тадбиркорлар ҳузурига бориш, мурожаатларни жойида ҳал қилиш халқ билан мулоқотнинг энг самарали усулларидан бирига айланди.


“Exim Serlen Hoque Corporation” масъулияти чекланган жамияти“Миллий банк” Мирзо Улуғбек тумани филиалидан 600 миллион сўм кредит олмоқчи эди. “Technology Hadjar Export” жамияти эса 30 миллион сўм кредит олиш учун банкка қатнаб сарсон бўлди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи сайёр қабулида мазкур тадбиркорлик субъектлари амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Уларнинг сўрови “Марказий банк”нинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси масъул шахслари жалб этилган ҳолда кўриб чиқилди. Тадбиркорларга кредит ажратиш учун ҳеч қандай моънелик йўқлиги учун уларга қисқа муддатда кредит маблағи ажратиладиган бўлди.

“Super Ardua” тадбиркорлик субъекти эса ажратилган ер майдонида қурилишни амалга оширишда юзага келаётган муаммолари бўйича мурожаат қилди. Мазкур субъект раҳбарига зарур ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Тошкент шаҳридаги “International House-Tashkent” ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг академик лицейларида бўлиб ўтган сайёр учрашувлар давомида 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва чет эл инвесторлари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. 50 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, кўпчилиги жойида ҳал этилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга қаратилган бу каби тадбирлар тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам беришга қаратилмоқда.

Мулоқотлар давомида ер участкаси ва кредит ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бузилган иморатларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш, божхона ва солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор масалаларда муаммолар борлиги аниқланди.

Маълумот учун: Адлия вазири Р.Давлетов раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг июнь ойидан буён 9 ҳудудда ўтказилган сайёр қабуллар давомида 6 мингга яқин яқин тадбиркорлардан 1 минг 155 та мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг 93,5 фоизи ҳал этилди.

Бундай амалий учрашув ва сайёр қабуллар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.