Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия вазирининг ахбороти тингланди
08:52 / 2020-12-12

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган навбатдаги йиғилишда адлия вазирининг 2020 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Мажлисда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланишича, 2020 йил давомида вазирликка давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолияти йўналишида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 5 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари келиб тушган. Улардан 4 минг 700 дан ортиғи ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва 350 та лойиҳа ўтказилмасдан қайтарилган.

Қонун ҳужжатлари вазирлик томонидан “Е-хат” дастури орқали 140 дан зиёд давлат органлари ва ташкилотларига ўз вақтида етказилган. Қолаверса, бугунги кунда вазирлик томонидан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби ва тарқатилиши” ахборот тизими яратилиб, ушбу тизим орқали 600га яқин давлат органига ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига электрон шаклда юборилиши таъминланган.

Давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти борасида 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида 19 та соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган. Натижада 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ва 13 та таҳлилий маълумотнома тегишли тартибда ҳукуматга киритилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ўз ечимини кутаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш зарурати таъкидланди.

Жумладан, мамлакатимизда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича ишлар кўзга ташланмаяпти. Қолаверса, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва эскирган механизмларни бартараф этиш ҳисобига аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш етарли даражада йўлга қўйилмаган.

Йиғилишда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини келишиб олиш ва жамоатчилик муҳокамаси босқичларида муаммони ҳал этишда юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни прогноз қилиш, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни баҳолашга оид таҳлилий ҳужжатлар билан таъминлаш амалиётини ривожлантириш зарурлиги айтиб ўтилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган қарорларини бекор қилиш ва қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштиришга қаратилган “йўл хариталари”ни тайёрлашни тезлаштириш зарурлиги қайд этилди. Республика ва маҳаллий ҳокимият даражасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш долзарб масала эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа давлат идораларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотлари эшитилиб, танқидий муҳокама қилинди. Сенаторлар томонидан 9 та давлат органининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳудудлар ва соҳалар бўйича комплекс таҳлил қилиш, бунда услубий кўмак кўрсатиш орқали мазкур соҳа самарадорлигини ошириш чораларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Яна бир муҳим жиҳат. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашда жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу жараёнда иштирокини янада фаоллаштириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасини жонли муҳокама қилиш амалиётини жорий этиш бўйича тавсиялар берилди. Адлия вазирлигига давлат бошқаруви органлари ва идоралари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганишни режалаштириш чоғида фуқаролар мурожаатларини ҳисобга олиш зарурлиги тавсия этилди.

Шунингдек, мажлисда давлат органлари томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётининг инновацион усуллари, шу жумладан, веб-технологиялардан етарли фойдаланилмаганлиги танқид қилинди ва бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА