Адлия вазирлиги ўтган йил фаолияти ҳақидаги ҳисоботини жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари эътиборига ҳавола этди.
«Адлия вазири жамоатчилик олдида ҳисобот беради» номли медиа-ивентда нафақат вазирлик фаолияти таҳлил қилинди, балки жамиятда ҳуқуқий соҳадаги тенденциялар ҳам кўриб чиқилди.
Адлия вазири Акбар Тошқулов тизимда ягона бошқарувни жорий қилиш учун давлат раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ, Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги бевосита Адлия вазирлигига, уларнинг ҳудудий тузилмалари эса ҳудудий адлия органларига қўшилганини қайд этди. Натижада оптимал бошқарув механизмига эришилди.
2022 йилда Адлия вазирлиги ташаббуси билан 56 қонун, 54 Президент ҳужжати, 66 Ҳукумат ҳужжати, 37 идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Келиб тушган жами 142,7 мингта мурожаатнинг 123,1 мингтаси, яъни 86,2 фоизи қонуний ҳал этилди.
2022 йилда 11,7 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Бу 2021 йилга нисбатан 2,3 миллионтага кўп.
Давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш 21 фоиздан ошди. 25 янги давлат хизматлари жорий этилди.
I va II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари учун 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилиши йўлга қўйилди.
Mobil-ID тизими жорий этилди, 488 минг 87 нафар фуқарога ушбу тизим орқали хизматлар кўрсатилди.
Интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасида ҳам қатор янгиликлар жорий этилди.
Муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлашга мўлжалланган «Муаллифлик объектлари ягона базаси» ахборот тизими ишлаб чиқилди.
«Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасида қонунбузилишлар реестри» давлат ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Айрим интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказишда давлат томонидан молиявий ёрдам берилиши тартиби жорий қилинди.
Интеллектуал мулк объектларини электрон шаклда рўйхатга олиш ва QR-кодли муҳофаза ҳужжатларини бериш имконияти яратилди.
2022 йил маъмурий ислоҳотларга бой бўлди. Вазирлик ҳузурида Персоналлаштириш агентлиги ташкил этилди. «Ўзархив» агентлиги Адлия вазирлиги ҳузурига ўтказилди.
Юридик хизмат кўрсатиш марказлари, туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиаллари ҳамда ФҲДЁ органлари туман (шаҳар) адлия бўлимлари бўйсунувига ўтказилиб, яхлит бошқарув тизими яратилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиш имкониятига эга бўлди. Тадбир якунида вазирлик бўйлаб медиа-тур ташкил этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА