Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов Сирдарё вилоятининг Сирдарё ва Оқолтин туманлари адлия бўлимлари, давлат хизматлари ҳамда юридик хизмат кўрсатиш марказлари, “Мадад” ННТ ҳамда туман архиви фаолиятида ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ижрочиларга етказиш, бинода аҳоли, тадбиркорларга яратилган шароитлар, ходимлар томонидан давлат хизматларининг белгиланган талаблар бўйича кўрсатилиши билан қизиқди.
Бу тузилмалар (адлия бўлими, юридик хизмат ва давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ бўлими) томонидан Сирдарё туманида 135 мингдан зиёд, Оқолтин туманида 52 мингдан зиёд аҳоли, тадбиркорлар, давлат ташкилотларига ҳуқуқий ва давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Мутахассислар билан суҳбатлар жараёнида соҳада учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни тинглади.


Шунингдек, туманлардаги архив ҳужжатларининг сақланиш ҳолати кўздан кечирилди. Мутахассислар билан хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва соҳада кузатилаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мулоқотда архив иши соҳасидаги давлат хизматларининг маъмурий регламент талаблари доирасида кўрсатилиши юзасидан зарур тавсиялар берди.
Адлия вазири Оқолтин ва Сирдарё туманлари ҳокимлари билан ҳуқуқни қўллаш амалиёти, юридик хизмат ва ҳокимликлар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалаларида мулоқот қилди.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири