Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги йиғилиши конференция шаклида Ўзбекистонда бўлиб ўтмоқда. Унда 33 давлатдан 150 нафарга яқин соҳа вакиллари, экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбирда “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда нотариуснинг ўрни” ҳамда “Рақамлаштириш асрида нотариатнинг ўрни” мавзулари муҳокама қилинмоқда.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов сўзга чиқиб, мамлакатимизда нотариат соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва келгусидаги режаларга тўхталиб ўтди.
– Ўзбекистонда 2020 йилдан хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилди, – деди А.Тошқулов. – Бугунги кунда минг нафардан ортиқ хусусий нотариус фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилди. 2022 йилда Ўзбекистон нотариат тизими Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлди. Фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида кўчмас мулк ижара ва текин фойдаланиш шартномаларини, мулкдорнинг яқин қариндошларига бериладиган автотранспорт воситасини бошқариш учун ишончномаларни, бирламчи бозордаги гаров ва ипотека шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинди. Битимларни тасдиқлашда экстерриториаллик принципи жорий этилди.
“Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳуқуқий мақом берилди ва барча нотариал ҳаракатлар ушбу тизимда рўйхатга олинмоқда. Нотариал ҳаракат расмийлаштириш учун фуқаролардан талаб қилинадиган ҳужжатлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали нотариус томонидан олиниши йўлга қўйилди. Фуқаролардан талаб этиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳажми 87 фоизга қисқартирилди. “E-notarius.uz” расмий веб-сайти ишга туширилди. Айрим нотариал ҳаракатлар дунёнинг исталган жойидан видеоконференцалоқа орқали онлайн равишда амалга оширилмоқда.
Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш “Лицензия” ахборот тизими орқали тўлиқ электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Шаффофликни таъминлаш мақсадида хусусий нотариусларга лицензия бериш бўйича имтиҳонлар онлайн трансляция қилинмоқда.
Айрим турдаги нотариал ҳаракатлар учун давлат божи ставкалари миқдорлари оптималлаштирилди, шаффофлаштирилди ҳамда камайтирилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон томонидан нотариат соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш ва уни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги кунда Германия, Франция, Италия, Туркия, Хитой, Япония, Индонезия, Въетнам, Мўғулистон, Доминика, Бенин, Украина, Литва, Беларусь, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг нотариат соҳасидаги ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
– Бутун дунё ҳуқуқшунослари ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали юзага келадиган муаммоларни биргаликда тартибга солиши мумкин. Бу эса соҳа ривожланишига замонавий, тушунарли ва барча ҳурмат қилиб, итоат этадиган ҳуқуқий замин яратишга хизмат қилади, – дея таъкидлади адлия вазири.
2024 йилдан нотариал идорага келмасдан, шу жумладан чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш йўлга қўйиш, масофадан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар доирасини кенгайтириш мақсад қилинган.
Н.Абдураимова, ЎзА