Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия вазири: Дунёвий давлатчиликда диний муносабатлар эволюциясининг янги босқичи
09:25 / 2021-07-08

Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун шак-шубҳасиз дин соҳасида жамиятимизда янги мувозанатни ўрнатди. Бу мувозанат нималардан иборат?

Адлия вазири Русланбек Давлетов бу саволга қуйидагича жавоб берди:

- Аввало, жамиятнинг дин соҳасидаги эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган янгиликлар жорий қилинди.

Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилди (Энди диний ташкилот тузиш учун ташаббускорлар сони 50 нафар бўлса етарли. Диний ташкилот электрон равишда 1 ойда давлат рўйхатидан ўтказилади. Давлат рўйхатидан ўтказишни қонунда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди).

Олдин ҳам айтганимиздек, “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмас. Шу боис адолатли равишда жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди.

Энди қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бу демократик давлатлардаги тартибларга мос келади ва юқори стандартлар асосида ишлайдиган Инсон ҳуқуқлари Европа суди амалиётида ҳам тан олинган.  

Бошқа томондан, конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши айрим ҳуқуқий механизмлар сақлаб қолинди:

Диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди.

Қонунда жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Ўзбекистон халқи ўзининг тараққиёт йўлини танлаб олган – у дунёвийликка асосланган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлайди.

Албатта, қарашлар ҳар хил, кимлардир диний соҳада янада кўпроқ тартибларни бекор қилиш керак, дейди. Кимдир аксинча, диннинг ўрнини жамиятда қисқартириш керак, дейди. Лекин барибир мувозанат бўлиши ва асосий принциплар, яъни дунёвийлик энг мақбул ўлчов бўлиб қолиши лозим.

Яқинда мана шу қонун бўйича пресс-конференцияда унинг барча жиҳатларини тушунтириб берамиз.

 

Н.Абдураимова, ЎзА