Адлия вазири Акбар Тошқулов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Тараққиёт дастурининг янги тайинланган Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили Акико Фужии билан учрашди.
А.Тошқулов А.Фужии хонимни БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили лавозимига тайинлангани билан табриклаб, масъулиятли ва шарафли хизматида улкан муваффақиятлар тилади.
Адлия вазири Ўзбекистонда кейинги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишида мазкур тузилма улкан ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлаб, ўз миннатдорлигини билдирди.
А.Фужии Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, 8 давлатда ўз фаолиятини олиб борганини, ҳар бир мамлакатда қонун устуворлиги ва ҳукуматнинг шаффофлигини таъминлашда Адлия вазирлиги муҳим ўрин эгаллашини кузатганини қайд этди. Ўзбекистонда ҳам вазирлик мазкур йўналишларда ташаббускор эканини эътироф этди.
Адлия вазирлиги аҳолига очиқ ва ҳисобдор орган бўлиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўз ислоҳотларини олиб бориши ҳамда имконияти чекланган шахслар учун имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Томонлар амалга оширилаётган лойиҳалар ва тадбирлар ҳақида атрофлича фикр алмашиб, ҳуқуқ ва адлия соҳасида ўзаро истиқболли ҳамкорликни жадаллаштиришга келишиб олди.
Н.Абдураимова, ЎзА