Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия томонидан тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари адолатли ҳал этилди
17:13 / 2022-05-24

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини тўсқинликсиз амалга ошириш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Аммо тадбиркорлик соҳасида тизимли муаммолар ҳали ҳам сақланиб турибди. Уларнинг ҳал этилиши бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш имконини беради.

Тошкент вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган вақти мобайнида 166 тадбиркорлик субъектининг мурожаатлари кўриб чиқилиб, адолатли ҳал этилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, кўрган зарарлари ундириб берилиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Хусусан, Тошкент вилоят адлия бошқармасига С.Таджибаев ҳамда “Жалолиддин файз” хусусий корхонаси раҳбари К.Таджибаев мурожаат қилиб, бузилган савдо дўконлари учун компенсация тўловларини ундириб беришда амалий ёрдам сўраган.

Маълум бўлишича, Янгийўл шаҳар ҳокиминг 2018 йил 6 февралдаги 31-сонли қарорига асосан “Ихтисослашган Янгийўл шаҳар деҳқон бозори” МЧЖ кенгаши ҳисобига бозор ҳудудидаги С.Таджибаевга тегишли бўлган умумий ер майдони 20,14 кв.м бўлган савдо дўкони ҳамда “Жалолиддин файз” хусусий корхонасига тегишли умумий ер майдони 60,8 кв.м бўлган савдо дўкони бузилган.

Жабр кўрган тадбиркорлик субъектлари бир неча бор Янгийўл шаҳар ҳокимлигига бузилган дўкони учун компенсация пуллари тўлаб берилишини сўраб мурожаат қилган, бироқ ҳокимлик томонидан компенсация пуллари тўланмасдан келинган.

Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан С.Таджибаев ҳамда “Жалолиддин файз” хусусий корхонаси раҳбари К.Таджибаевнинг мурожаатлари тўлиқ ўрганиб чиқилиб, 2022 йил 9 март куни С.Таджибаев манфаатида бузилган дўкони учун компенсация пули ундириш юзасидан Янгийўл шаҳар ҳокимлигига нисбатан Фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судига, “Жалолиддин файз” хусусий корхонаси раҳбари К.Таджибаевнинг манфаатида Янгийўл шаҳар ҳокимлигидан бузилган дўкони учун компенсация пули ундириш юзасидан Зангиота туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро суди томонидан Тошкент вилоят адлия бошқармасининг даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида Ҳал қилув қарори қабул қилинди. Ҳал қилув қарорига асосан манфаатдор С.Таджибаев фойдасига 160 млн. 352 минг 769 сўм компенсация пули ундирилиши белгиланди.  
Шунингдек, Зангиота туманлараро иқтисодий суди томонидан Тошкент вилоят адлия бошқармасининг даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди. Ҳал қилув қарорига асосан “Жалолиддин файз” хусусий корхонаси раҳбари К.Таджибаевнинг фойдасига 309 миллион 33 минг 681 сўм компенсация пули ундирилиши таъминланди.

Бугун тадбиркорлик субъектларига бўлган эътибор, уларнинг ҳуқуқлари ҳимояси учун лозим бўлса кескин чоралар қўллаш мумкинлигини кўриб, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасидаги масала эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Бу эса мамлакатимизда иқтисодиётни янада либераллаштириш, тадбиркорларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда самарали фаолиятини таъминлаш ва пировардида аҳоли фаровонлиги таъминланишига хизмат қилмоқда.

Жаҳонгир Алиев,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи. 

ЎзА