Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия тизми маъмурий ислоҳотларнинг янги босқичида
13:55 / 2024-06-17

«Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги Президент Фармони билан адлия органлари ва муассасалари фаолияти учун қандай янги йўналишлар ва вазифалар белгилаб берилди?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда замонавий тенденциялар асосида ихчам бошқарув тизимини шакллантириш ҳамда такомиллаштириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш орқали бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яхшилаш мақсадида янги нормалар қабул қилинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги (ПФ–80-сон) Фармони шулар жумласидандир.

Мазкур Фармон билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида адлия органлари ва муассасалари фаолияти учун янги йўналишлар ва вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қўшимча 4 та янги фаолият йўналишлари белгиланди:

— аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

— жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

— фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш;

— давлат органлари ва маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда методик ёрдам кўрсатиб бориш.

Бундан ташқари, адлия бўлимларига аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда «Адлия куни» тадбирларини ўтказиш, олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб бориш, уйма-уй юриш ва «Ҳуқуқий кўмак» акцияларини ўтказиш орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқиш, «Online-маҳалла» платформаси орқали ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларни ҳал этиб бориш, аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш, ёшлар, аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ҳақида хабардор қилиш ҳамда туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда маҳалла идораларига ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича методик ёрдам кўрсатиб бориш бўйича янги вазифалар юклатилди.

Шу билан бирга, Фармон билан ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришга қаратилган «Мамлакат келажаги – қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан» ғояси асосида адлия органлари ва муассасалари, шу жумладан Тошкент давлат юридик университети ва юридик техникумлар қуйидаги масалаларда масъул этиб белгиланди:

— ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, уларда қонунларга ҳурмат, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳамда ватанпарварлик ҳисини кучайтиришга қаратилган комплекс ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилишга;

— адлия органлари ва муассасаларига ёшларнинг ташрифини ташкил қилиш орқали «Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам» тадбирларини ўтказиб боришга;

— ҳуқуқшунослик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш, ёшларда ушбу касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғуларини шакллантириш, уларни ҳуқуқий билим олишга қизиқтириш бўйича амалий тадбирларни ташкил қилишга;

— ёшларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган онлайн ҳуқуқий саводхонлик мактабини ташкил этиш ва у орқали бепул ҳуқуқий ўқув курсларини жорий этишга;

— таълим муассасаларида «Ҳуқуқий билимлар ойлиги»ни ўтказиб бориш ва ёшларнинг ҳуқуқий билим олишларини рағбатлантиришга қаратилган турли ҳуқуқий мавзулардаги семинар-тренинглар ва танловларни ташкил қилиш.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур Фармон билан замонавий бошқарув асосида аҳолига сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ривожланган ва самарали ишлайдиган фуқаролик жамияти янада ривожланади. 

Дилфуза Абдуллаева, 

Тошкент давлат юридик университети 

Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси доценти,

 юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)