“Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони асосида адлия тизимида “мобиль бошқарув аппарати” яратилмоқда.
Бу қандай бошқарув тизими? Адлия тизимида қандай ўзгаришлар юз беради? Бу ҳақда Адлия вазирининг ўринбосари Худоёр Мелиев сўзлаб берди:
- Давлатимиз раҳбари томонидан “марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратиш” ғояси илгари сурилиб, бу бўйича алоҳида фармойиш қабул қилинган.
Мазкур фармон орқали аҳолига профессионал хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарувни яратиш, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг роли ва масъулиятини янада кучайтириш кўзланган.
Янги фармон билан Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги бевосита Адлия вазирлигига, уларнинг ҳудудий тузилмалари эса ҳудудий адлия органларига қўшилди.
Бу давлат хизматларини кўрсатиш ва интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимояси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда тизим имкониятларидан оқилона фойдаланиш, ушбу соҳаларда мувофиқлашган фаолиятни таъминлаш имконини беради.
Натижада бошқарув ходимлари сони 110 тага, яъни 2,2 фоизга қисқартирилди (биргина марказий аппарат 10 фоизга, яъни 356 тадан 320 тага).
Эътиборлиси, қисқартирилаётган штатларнинг асосий қисмини раҳбарлик лавозимлари ташкил қилади. Мисол учун, адлия тизимидаги давлат бошқаруви органи раҳбари ва унинг ўринбосарлари даражасидаги раҳбарлар сони 12 та бўлса, ҳозир улар 6 тани ташкил қилмоқда, яъни тенг ярмига қисқарди.
Тумандаги давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари ва юридик хизмат кўрсатиш марказлари туман адлия бўлимлари билан бирлаштирилиб, ягона адлия бўлимларига айлантирилди, улар интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш бўйича ҳам зарур ишларни олиб боради.
Бу туман адлия бўлимларининг мамлакатда ягона ҳуқуқий сиёсатни амалга оширишдаги масъулияти ва ваколатлари ошишини англатади.
Вазирлик тизимидаги бир-бирини такрорловчи, мазмунан эскирган вазифа ва функциялар қайта кўриб чиқилиб, қисқартирилди. Бунинг учун вертикал ва горизонтал функционал таҳлил ўтказилди.
Натижада мавжуд вазифалар 35 тадан 23 тага (34 фоизга) ва функциялар 388 тадан 215 тага (46 фоизга) қисқармоқда.
Такрорловчи вазифа ва функцияларнинг қисқартирилиши бевосита ходимлар иш унумдорлиги ошишига, фуқароларнинг мурожаатлари янада тез ва самарали ҳал этилишига ёрдам беради.
Қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишда адлия органларининг масъулияти янада оширилди.
Хусусан, 2022 йил 1 майдан бошлаб қонунчиликка мувофиқ маҳаллий ижро ҳокимияти органлари қарорларини қабул қилишда ҳудудий адлия органлари ижобий хулосаси олиниши белгиланган ҳолларда, бундай хулоса олинмасдан тегишли қарорларни қабул қилиш (чиқариш)га йўл қўйилмайди.
Вазирлик томонидан вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти мониторинг қилинади ҳамда унинг натижаси бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борилади.
Адлия вазирлиги фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Хусусан, 1990-2016 йиллар оралиғида қабул қилинган ҳукумат қарорлари хатловдан ўтказилади ва уларнинг бугунги кундаги аҳамияти таҳлил қилиниб, фуқароларга ва тадбиркорларга енгиллик яратиш нуқтаи-назаридан қайта кўриб чиқилади.
Дастур доирасида бир-бирига боғлиқ бўлган давлат хизматларини, жумладан, кўчмас мулк ҳамда манзилга рўйхатга қўйиш, ногиронлик ва турли касалликларга оид нафақалар тайинлашни композит тарзда, яъни бир вақтда кўрсатиш тизимини жорий этиш орқали аҳоли сарсонгарчилигининг олди олинади.
Бундан ташқари, дастурда рақамлаштириш билан боғлиқ бир қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, уларнинг айримларига тўхталсак:
“Legal-Теch” ҳуқуқий тармоғини жорий этиш тизимини “сунъий интеллект” механизмларидан фойдаланган ҳолда такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Бунда ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун сарфланадиган ресурслар ва вақт тежалиб, тайёрланадиган лойиҳалар сифати оширилади ҳамда лойиҳаларни тайёрлаш жараёни автоматлаштирилади.
“Smart justice – Ақлли адлия” веб-портали ва мобиль иловаси яратилади. Бу орқали Адлия вазирлиги, адлия органлари ва муассасалари томонидан ҳозирги кунда кўрсатилаётган 50 дан ортиқ электрон давлат хизматларини ягона порталга жамлаш назарда тутилган.
Шунингдек, порталнинг мобиль иловаси ишлаб чиқилиб, ягона нуқтадан юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатилади. Бундан кўзланган мақсад давлат хизматларини электрон шаклда олиш жараёнида фуқароларнинг қониқиш даражаси оширишдан иборат.
Навбатдаги белгиланган чора-тадбирлардан бири – “Лицензия” ахборот тизимини такомиллаштириш. Мазкур ахборот тизими орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари сони юзтага етказилади.
Мазкур тадбирни амалга ошириш натижасида хизматдан фойдаланувчиларга қулай шароитлар яратиш, давлат хизматларидан фойдаланишда ортиқча тартибот ва муддатларни қисқартириш кутилмоқда.
Шунингдек, дастурда мобиль идентификация тизимини (MOBIL ERI, FACE ID, DIGITAL ID, SMART ID) ишлаб чиқиш ва уларни ривожлантириш белигиланган. Бу орқали ҳам давлат хизматларидан фойдаланишда қулай ва ортиқча бюрократиядан ҳоли бўлган тизим яратилиб, фойдаланувчиларнинг вақти тежалади.
Адлия органлари ва муассасаларининг веб-сайтлари ёки хизмат кўрсатиш учун ташкил қилинган махсус сайт (портал)да кўрсатилаётган хизматларни истеъмолчилар томонидан исталган вақтда доимий ва тизимли баҳолаш, изоҳлар ва таклифлар тақдим қилиб бориш имкониятини берувчи платформа яратишни режа қилганмиз. Бу платформа нима беради? Аввало, адлия органлари ва муассасалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати ошади. Қолаверса, доимий баҳоланиш натижасида хизмат кўрсатишда қонунбузилиш ҳолатлари камаяди.
Шунингдек, “е-shartnoma” тизими ягона электрон портали яратилади. Бу тизим орқали тадбиркорлар онлайн равишда турли шартнома намуналарини бепул олиши мумкин бўлади ҳамда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти вужудга келади.
2023 йилдан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базада жамлаш тартиби жорий қилинади.
Бугунги кунда муаллифлик ҳуқуқи объектлари турли ташкилотлар томонидан сақланмоқда ва кўп ҳолатларда уларнинг архив фондлари мавжуд эмас. Ягона база орқали муаллифлик ҳуқуқи объектларини кафолатли электрон сақлаш механизми яратилади.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини илмий қўллаб-қувватлаш учун қонунчилик ҳужжатларини қўллаш амалиётини жойига чиққан ҳолда ўрганади.
Мазкур ислоҳотлар натижасида адлия органларини бошқариш жараёнини режалаштириш ва ташкил этишга замонавий инновацион услублар, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражаси янада кенгайтирилади.
Адлия тизими бошқарувида мақбуллаштириш натижасида 84.5 миллиард сўм маблағ тежалишига эришилади.
Умуман олганда, адлия тизимида амалга оширилган ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади адолат ва ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлашдир. Қабул қилинаётган қарорларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш ва халққа хизмат қилиш сифатини оширишга қаратилган халқчил, ихчам, замонавий бошқарув тизимини шакллантиришдан иборат.
Н.Абдураимова, ЎзА