Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия тизимида мансабдор шахслар камайди
09:27 / 2022-03-18

Айрим тизимлар кенгайиб, масъул раҳбарлик лавозимлари кўпаяётган бир пайтда адлия тизими ихчамлашди, мансабдор шахслар камайди.

 Бир сўз билан айтганда, Адлия вазирлиги маъмурий ислоҳотни ўзидан бошлади. Бу нафақат бюджет маблағларининг тежалиши, балки аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланишини ҳам англатади. Чунки катта эмас, балки ихчам ва ҳаракатчан тизимларгина самарали ишлаши ҳеч кимга сир эмас.  

Бу ўзгаришлар давлатимиз раҳбарининг “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида амалга оширилмоқда. 

Зеро, мазкур фармон орқали аҳолига профессионал хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарувни яратиш, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг роли ва масъулиятини янада кучайтириш кўзланган. 

Фармон моҳияти ва ижроси билан боғлиқ масалаларга бағишланган матбуот анжуманида  Адлия вазирлиги маъмурий ислоҳотлар учун иккита агентлигини “қурбон қилгани” қайд этилди. 

Адлия вазирининг ўринбосари Худоёр Мелиев Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги бевосита Адлия вазирлигига, уларнинг ҳудудий тузилмалари эса ҳудудий адлия органларига қўшилганини маълум қилди.  

Адлия тизимида республика даражасидаги раҳбарлар сони икки баробарга қисқарган. Вазирлик тизимидаги бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага (67 фоизга), бошқарув ходимлари сони 110 тага туширилган. 

Тадбирда рақамли адлия бунёд этилаётгани таъкидланди. Яъни одамлар ўрнига технологик имкониятлар кучайтириб борилади. 

Адлия – ихчам,  самарали ва ресурсларни ақлли ва самарали сарфлайдиган тизим моделини намойиш этмоқда.  

Фармон асосида тизимга жорий этилаётган янгиликлар ҳақида сайтимизда батафсил таништирамиз. Бизни кузатиб боринг! 

Н.Абдураимова, ЎзА