Адлия идораларига аҳолидан 31,6 минг мурожаат тушган ва уларнинг 79 фоизи қонуний ҳал қилинган. Қонун бузилгани билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш бўйича тегишли идораларга 6 минг 269 тақдимнома киритилган.
Таъсир чоралари натижасида 2 минг 282 нафар шахс маъмурий, 2 минг 648 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Шундан 98 нафар масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Судларга 142,2 миллиард сўмлик 6 мингга яқин даъво аризаси киритилиб, шундан 121,1 миллиард сўмлик даъволарни қаноатлантириш бўйича қарорлар чиқарилган.
Адлия вазирлигида жорий йил биринчи чораги якунларига бағишлаб ўтказилган ҳайъат мажлисида юқоридаги рақамлар келтирилиб, таҳлил қилинди.
Адлия вазири А.Тошқулов бошқарган мажлис видеконференцалоқа шаклида ўтказилиб, унда адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Вазирлик ташаббуси билан 34 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилгани қайд этилди. 351 қонунчилик ҳужжати лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан, 37 идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат эса давлат рўйхатидан ўтказилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 120 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Давлат хизматларини кўрсатиш марказлари томонидан 3,2 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди.

Ҳудудий адлия органлари фаолиятининг самарадорлиги баҳоланиб, баҳолаш натижаларига кўра Бухоро ва Андижон вилояти адлия бошқармалари юқори самарадорлик кўрсаткичларни қайд этди.
Мажлис давомида айрим камчиликлар муҳокама қилиниб, Сурхондарё ва Фарғона вилояти адлия бошқармалари бошлиқларининг йўл қўйилган камчиликлар, уларни бартараф этиш бўйича изоҳлари эшитилди.
Тадбир якунида вазирлик олдида турган вазифаларни тўғри ва самарали амалга ошириш, соҳалар бўйича иш фаолиятини янада яхшилаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА