Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия соҳасидаги ишлар ошкора муҳокама этилди
12:22 / 2025-11-20

Ховос туманида адлия соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар, ҳуқуқий тарғибот самарадорлиги, давлат хизматлари кўрсатиш сифати ҳамда фуқаролар билан мулоқотни янада такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқотни туман адлия бўлими бошлиғи Элёр Аманбаев очиб, адлия органларининг йил бошидан буёнги асосий фаолият йўналишлари бўйича тўхталиб ўтди. Унинг маълумот беришича, 2025-йилнинг 9 ойи мобайнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 1 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва тегишли хулоса тайёрланган.

Шунингдек, ЮХКМ томонидан йилнинг 3-чораги давомида жами 26 252 та ҳужжат лойиҳаси ўрганилиб, улардан 1 288 таси рад этилган, 8 тасига эса қонунчилик талабларига мос келмагани сабабли салбий хулоса берилган.

Адлия бўлими ҳуқуқни қўллаш соҳасида ҳам изчил фаолият юритмоқда. Жорий йилда 6 та ўрганиш, 5 та таҳлил ва 12 та ижтимоий сўровнома ўтказилган. Ўрганишлар жараёнида аниқланган қонун бузилишлари юзасидан 15 та тақдимнома ва 2 та огоҳнома киритилган, 4 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

ФҲДЁ органи фаолияти борасида ҳам маълумотлар берилди. Ҳисобот даврида 931 та туғилиш (496 ўғил, 435 қиз), 199 та никоҳ, 49 та ажралиш ва 194 та ўлим ҳолати рўйхатга олинган.  

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳам мулоқотнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. 2025 йилнинг 9 ойида аҳолидан жами 12 913 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 9 456 таси электрон шаклда қабул қилинган. Барча мурожаатлар ўрганилиб, белгиланган тартибда амалий ечим берилгани қайд этилди.

Давлат хизматлари соҳасида ҳам самарадорлик юксалгани таъкидланди. Жорий йил давомида 432 та якка тартибдаги тадбиркор ва 69 та юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган.

Тадбир давомида журналистлар ва блогерлар ўз саволларини бериб, адлия соҳасидаги айрим масалалар юзасидан қўшимча тушунтиришлар олишди.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири