Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Адлия сайли”да мурожаатларга ечим топилди
14:41 / 2022-08-10

Навоий вилоят адлия органлари тизимида ўтказилаётган “Ҳуқуқий тарғибот” ҳафталиги доирасида республика Ишчи гуруҳи вилоятга ташриф буюрди.

Улар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини янада юксалтириш, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари самарадорлик даражаси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан  яқиндан танишмоқда.

Ҳафталик доирасида Ишчи гуруҳи аъзолари вилоятнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган фуқаролар билан учрашиб, сайёр қабул, ҳуқуқий акция, амалий семинарлар, “Адлия сайли” сингари тадбирларда иштирок этади ва уларни қизиқтирадиган мурожаат ва таклифларни ўрганади.

Шундай тадбирлардан бири Кармана тумани марказидаги Алишер Навоий боғида ўтказилди. “Адлия сайли”да иштирок Адлия вазирлиги вакиллари, адлия бўлими, юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ идораси масъуллари томонидан фуқароларнинг 50дан ортиқ мурожаатлари қабул қилиниб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, электрон имзо олиш, тадбиркорлик субъекти очиш, фарзандини мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига электрон навбатга қўйиш истаги билан келганлар учун 20дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.

– Бугунги “Адлия сайли” том маънода халқ сайлига айланди, – дейди Мирсаид Баҳром маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуров. – Бир томонда спорт ўйинлари, бир томонда болалар учун ўйингоҳ. Турли жамоаларнинг бадиий чиқишлари юртдошларимизга кўтаринкилик улашяпти. Кўпчилик оиласи билан ташриф буюрган. Бу ерда ҳордиқ чиқариш учун барча шароитлар мавжуд. Энг муҳими, дам оламан, деб келган фуқаролар қайсидир йўналишда ҳуқуқий масаласини ҳам ҳал этиб кетмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар, жумладан, “Сирдошим”, вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, миллий маданий марказлар, маданият ва санъат ходимларининг кўргазмали ва бадиий чиқишлари тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

Абдували Бўриев, ЎзА