Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ вилоятнинг Сирдарё, Мирзаобод, Оқолтин, Боёвут туманлари, Гулистон ва Ширин шаҳар адлия бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишди. Вазирлик масъуллари дастлаб, ходимлар билан суҳбатлашиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ахборотни етказиш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда масъулиятни янада ошириш масалаларига алоҳида тўхталди.
Шундан сўнг, соҳани янада такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида дуч келинаётган муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Ташриф давомида адлия бўлимлари, юридик хизмат кўрсатиш марказлари, давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органларида аҳолига хизмат кўрсатиш учун яратилган шарт-шароитлар, моддий-техник база, мавжуд имкониятлар кўздан кечирилди. Шунингдек, “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Пенг-шенг” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида Ишчи гуруҳнинг сирдарёлик тадбиркорлар билан учрашуви ташкил этилди.
Мулоқотда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, тадбиркорларга яратиб берилган имтиёз ва имкониятлар хусусида тўхталиб ўтилди. Ишчи гуруҳ металл конструкциялари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Wangda group” қўшма корхонаси, Хитойнинг Exeed бренди остидаги автомобилларни ишлаб чиқарувчи “ASAKA MOTORS” заводи ва “Бекзодшер” бирлашмасининг газо-бетон блоклари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Тадбиркорлар ва ишчилар билан ишлаб чиқариш жойларида бевосита суҳбат ўтказилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди ҳамда уларни ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ Боёвут туманининг Наврўз маҳалла фуқаролар йиғинида фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, уларни ҳал этиш ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида сайёр қабул ўтказди. Тадбирда вазирлик масъуллари, туман ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан 5 нафар ишсиз, эҳтиёжманд хотин-қизга субсидия асосида тикув машиналари, 10 га яқин ногиронлиги бор бўлган фуқароларга зарур жиҳозлар ва ногиронлик аравачалари топширилди. Сайёр қабулда 12 та мурожаат жойида ўз ечимини топди, 14 та мурожаат бўйича зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, ўрганиш муддат талаб қиладиган 20 та мурожаат иш юритувга қабул қилиниб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Адлия вазирлиги ишчи гуруҳининг Сирдарё вилоятидаги ўрганишлари тизим ходимлари фаолиятини жадаллаштириш, фуқаролар учун яратилган шароитларни янада яхшилаш, ҳуқуқий ва давлат хизматлари кўрсатиш сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.