Д.Саломатова Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 2-сон умумий ўрта таълим мактабида тожик тили ва адабиёти фанидан дарс беради.
У 2006 йилда тожик тили фани бўйича ўтказилган Республика олимпиадасида иштирок этиб ғолиб бўлган. Буни тасдиқловчи гувоҳномаси ҳам бор.
Бироқ, Д.Саломатовага лавозим маошига ҳар ой тўланиши лозим бўлган 100 фоизлик устама ҳақи тўлаб берилмаган. Сайхунобод тумани адлия бўлимига келиб тушган ушбу мурожаат белгиланган тартибда қонунчилик талаблари асосида ўрганилди.
Д.Саломатова ҳақиқатдан ҳам 2006 йилда ҳали ўқувчилик даврида тожик тили фани бўйича ўтказилган Республика олимпиадасида иштирок этиб ғолиб бўлганлиги, унга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан берилган 000144-сон “Ўзбекистон Республикаси ўқувчиларининг республика олимпиадаси ғолиби тўғрисида” ги гувоҳнома берилганлиги ўрганиш давомида ўз тасдиғини топди.
Президентимизнинг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори 5-банди “г” кичик бандида таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланиши лозимлиги белгиланганлиги кўрсатилган.
Демак, Д.Саломатованинг эътирози ўринли, қарорда назарда тутилганидек, унинг лавозим маошига ҳар ой тўланиши лозим бўлган 100 фоизлик устама ҳақи тўлаб берилиши лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, туман адлия бўлимининг аралашуви билан Халқ таълими бўлими томонидан ходимга тўланиши лозим бўлган устамалар ҳисоб-китоб қилинганда ушбу маблағ 62 393 646 сўмни ташкил қилди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддаси 1-қисмида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги “Иш ҳақларини ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорининг 3-бандида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилот раҳбарлари ходимларга иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб бериши қайд этилган.
Шунга кўра, Сайхунобод туман адлия бўлими томонидан Д.Саломатованинг манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Натижада, суд буйруғига асосан Сайхунобод туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ҳисобидан ўқитувчи Д.Саломатова фойдасига 62 393 646 сўм миқдоридаги устама пуллари ундирилиши белгиланди.
Шуҳрат Суяров ЎзА