Андижон вилояти Асака тумани адлия бўлимига тумандаги Арғин маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Р. дан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда фуқаро бир нафар ногирон фарзанди борлигини, Президентимиз фармонига асосан, ногирон фарзандининг парвариши учун ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа олиш мақсадида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Асака тумани бўлимига мурожаат қилган бўлсада, жамғарма томонидан аёлга фақат 183 минг сўм миқдорида парваришлаш нафақаси берилаётганлиги, нафақа пулининг амалдаги тартибларда белгиланган тарзда қолган 317 минг сўм миқдорини ундириб бериш бўйича ёрдам сўралган.
– Апрель ойи учун 183 минг сўм нафақа берилганидан ҳайрон бўлдим, – дейди фуқаро Н.Р. – Чунки телевизорда 1 апрелдан Президент фармонига асосан 500 минг сўм берилиши эълон қилинган эди. Пенсия жамғармаси мутахассисидан бу ҳақида сўраганимда нафақа пули кейинги ойдан қўшиб берилишини айтди. Шундан сўнг туман Адлия бўлимига мурожаат қилдим.
Туман адлия бўлими мутахассислари томонидан, мазкур мурожаатни ўрганиш давомида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Асака тумани бўлими фуқаро Н.Р.га парваришлаш нафақаси тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони талабларига риоя қилинмаганлиги маълум бўлди.
Ваҳоланки, мазкур ҳужжатга асосан, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб: “ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг (кейинги ўринларда — ўзгалар парваришига муҳтож болалар) парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақа тўлови (кейинги ўринларда — парваришлаш нафақаси) жорий этилади” деб кўрсатилган. Бундан ташқари, туман адлия бўлими томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш давомида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Асака тумани бўлими томонидан тумандаги 362 нафар ўзгалар парваришига муҳтож болаларни парвариши билан банд бўлган аёлларга жами 250 миллион сўм миқдорида нафақа пули кам тўланганлиги маълум бўлди.
Туман адлия бўлими томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Асака тумани бўлимига тақдимнома киритилиб, нафақат мурожаат қилган фуқаро, балки тумандаги 362 нафар ногирон фарзанди бор аёлларга жами 250 миллион сўм миқдоридаги кам тўланган парваришлаш нафақаси қайта тўлаб берилиши таъминланди. Адлия аралашуви билан муаммо ҳал этилди. Лекин шу ўринда нима учун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Асака тумани бўлими томонидан Президент фармони ижросини таъминлашга эътиборсизлик билан қаралди, деган савол туғилади. Тўғри, аввалдан белгиланган параметрларда нафақа пулини оширилиши кўрсатилмаган бўлиши мумкин. Лекин фармон эълон қилинганидан кейин ўтган бир ярим ой давомида унинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилиши керак эмасмиди!?
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА