Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия кўмагида корхона ҳуқуқи тикланди
14:50 / 2022-12-02

Сирдарё вилояти Ховос тумани адлия бўлими томонидан “BLACK-WITE” МЧЖ раҳбари У.Жулбековнинг туман ободонлаштириш бошқармаси билан тузган шартномасига асосан тўланмай келаётган 189 миллион сўм пул маблағларини ундириб беришни сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида жамият билан бошқарма ўртасида Ховос туманидаги қабристоннинг атрофини темир панжара билан ўраб олиш, тўлиқ таъмирлаш юзасидан пудрат шартномаси тузилганлиги, шартномада бажариладиган ишлар суммаси 240 миллион сўм қилиб келишилган бўлса-да, Ободонлаштириш бошқармаси томонидан шартнома мажбуриятларига амал қилинмай, тўловлар ўз вақтида тўлаб берилмагани аниқланди.  

Шартномага кўра, ободонлаштириш бошқармаси “BLACK-WITE” МЧЖга шартномада кўрсатилган сумманинг 15 фоиз тўловини олдиндан тўлаши, қолган тўловни иш бажарилгандан сўнг 5 иш кунида тўлаб бериш мажбуриятини олган. Бироқ тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан бажарилган ишлар учун 240 миллион сўм ўрнига 51 миллион сўм тўлов амалга оширилган. 189 миллион сўм миқдоридаги қолдиқ сумма тўланмаган.  

“BLACK-WITE” МЧЖ томонидан бир неча маротаба огоҳлантириш хатлари юборилганига қарамасдан туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан қарздорлик қопланмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуни 25-моддасида товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда, товар етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,4 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозимлиги белгиланган.  

Юқоридагиларга асосан, Ховос тумани адлия бўлими томонидан “BLACK-WITE” МЧЖ манфаатини кўзлаб Боёвут туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Тўпланган ҳужжатлар асосида иш кўриб чиқилиб, суд қарори қабул қилинди. Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидан “BLACK-WITE” МЧЖ фойдасига 189 миллион сўм миқдоридаги асосий қарз ва тегишли миқдорда пеня ундириладиган бўлди.  

 

Шуҳрат Суяров,  

ЎзА