Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия кўмагида 20,1 миллиард сўм иш ҳақи тўлаб берилди
23:10 / 2020-12-22

Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази ходимларининг ойлик маошлари билан боғлиқ муаммолар ижобий ҳал этилди.

Адлия вазирлиги томонидан Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази ходимларининг ойлик маошларини ошириш бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганиб чиқилди. 

Натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг  айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони лойиҳасини тайёрлаш зарурлиги ҳақида Молия вазирлигига таклиф юборилган эди.

Таклиф натижасида эса 2020 йил 27 октябрда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг  айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармонга асосан 2018 йил 2 июлдаги “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор 2-иловасининг изоҳига киритилган ўзгартиришга биноан марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 2 бараварга оширилган ҳолда қўлланилиши ҳамда 
2019 йилнинг 13 декабридан бошлаб қайта ҳисоб-китоб қилиниши натижасида аниқланган фарқ бўйича тўловлар тўлаб берилиши белгиланди.

Вазирликнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси ва ҳудудий адлия органлари томонидан марказларда ишловчи ходимларнинг ойлик иш ҳақини қайта ҳисоб-китоб қилиниши натижасида аниқланган фарқ бўйича тўловларни қисқа муддатларда тўлаб берилиши бўйича мониторинглар ўтказилди. 

Мониторинг жараёнида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан ваколатли идораларга 18 тақдимнома киритилди. Уларнинг ижроси тўлиқ таъминланди ҳамда бугунги кунда марказда ишлаган 1596 нафар фуқаронинг 20,1 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилди.

Шерали Суюнов,

Адлия вазирлиги

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя 

қилиш бошқармаси ходими.

ЎзА