Нурободда фермер хўжалиги раҳбари номидан сохта ариза ёзилиб, унга тегишли ер туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига ўтказилган. Туман адлия бўлимига келиб тушган мурожаат ана шу ҳақида эди.
Аниқланишича, туманнинг Олтинсой маҳалласида яшовчи фуқаро М.И.нинг фермер хўжалигига ажратилган ер майдони олиб қўйилишига шу сохта ариза асос бўлган экан. Ҳужжатларга кўра, Нуробод туман ҳокимининг 2016 йил 14 майдаги 346-Қ-сон қарори билан “Амир Темур” массивидан “Nurobod chavondoz tulporlari” фермер хўжалигига 49 йил муддатга 90 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, туман ҳокимининг 2016 йил 2 ноябрдаги 721-Қ ва 2018 йил 29 августдаги 035-Қ-қарорлари билан 65 гектар ер майдони туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтариб олинган ва фермер хўжалигининг фойдаланишида 25 гектар ер майдони қолдирилган. Шундан сўнг ҳокимнинг 2019 йил 7 августдаги 2202-Қ-сонли қарори билан мазкур фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилиниб, унга ижарага берилган қолган ер майдони ҳам туман ҳокимлиги захира ери ҳисобига қайтарилган.
Жиноят ишлари бўйича Нуробод туман судининг 2012 йил 12 майдаги ҳукмида қайд этилишича, фуқаро А.Қ. мазкур фермер хўжалигига узоқ муддатга ижарага берилган ер майдонини туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтариш тўғрисида фермер хўжалиги раиси М.И. номидан берилган аризани сохталаштирганлиги тасдиғини топган. А.Қ. бу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 228-моддаси иккинчи қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этган. Ушбу сохта ариза асосида туман ҳокимининг 2202-Қ-сонли қарори билан фермер хўжалигига ижара берилган 25 гектар ер майдони туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтарилган. Нуробод туман адлия бўлими томонидан фуқаро М.И.нинг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритилиб, Самарқанд туманлараро маъмурий судининг қарори билан фуқаро М.И.га 25 гектар ер майдони олиб берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА