Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия идораларида коррупцияга қарши курашиш қандай ташкил этилган?
12:26 / 2024-06-06

Адлия идораларида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди: 

– Коррупцияга қарши курашиш бўйича адлия органлари ва муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш соҳасида ўтган давр мобайнида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларнинг келгусида олдини олиш юзасидан электрон тизимларни такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилди.

Жумладан, хизмат кўрсатиш йўналишидаги тузилмаларда ўтказилган назорат тадбирлари бўйича электрон платформани шакллантириш ва мониторинг қилиб бориш ишлари амалга оширилмоқда.

law.ijro.uz тизимида ходим томонидан қонунчиликнинг аниқ асоси изоҳ бандида қайд қилинмаса, ҳужжатларга салбий хулоса бериш имкониятини чеклаш чоралари кўрилди.

Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ тасдиқланганда, ушбу лавозим HR-менежмент тизимида автоматик тарзда вакант лавозимлар реестрига ўтади.  

Адлия органлари ва муассасаларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга қарши курашиш соҳасида Наманган вилояти адлия бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя қилиниши бўйича комплаенс текшируви ўтказилди.  

Натижада йўл қўйилган қонунбузарлик ҳолатлари бўйича 27 нафар ходимга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди. Шунингдек, ҳудудларда 20 дан ортиқ ўрганиш тадбирлари амалга оширилди. Ўрганишларда аниқланган камчиликларга келгусида йўл қўймаслик юзасидан 110 нафар ходим билан профилактик суҳбат ўтказилди.

Адлия органлари ва муассасаларининг вакант лавозимларига топширган номзодлар ҳужжатларини комплекс ўрганишда тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар ва муаммолар юзасидан барча ҳудудий адлия органларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Ҳудудий адлия органлари ва муассасаларига танлов асосида вакант лавозимларга ҳужжат топширган 1 минг 640 нафар номзод бўйича комплекс текширишлар ўтказилди.

Адлия вазирлигида ўтган давр давомида алоқа каналлари орқали адлия органлари ва муассасалари ходимларининг ножўя хатти-ҳаракатлари юзасидан 117 мурожаат ва хабар келиб тушди. Уларни ўрганиб чиқиш натижасида 44 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Жумладан, 9 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. 35 нафар ходимга ҳайфсан ва жарима интизомий чоралари қўлланилди. Шунингдек, 112 нафар ходим билан профилактик суҳбат ўтказилди.  

Коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ўқув материаллар такомиллаштирилди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди.  

Президентимиз куни кеча имзолаган мазкур қонун давлат идораларида манфаатлар тўқнашувига чек қўйишга қаратилган. Унда манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш, шахсий манфаатларини кўзлаб бошқаларни ҳаракат (ҳаракатсизликка) мажбурламаслик бўйича ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди. Бунда, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ходимлар томонидан ошкор этиш икки шаклда, яъни мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома бериш ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация тўлдириш орқали амалга оширилади.

Ходимга алоқадор шахслар давлат органи ёки бошқа ташкилот билан муносабатларга киришганда, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича декларация тўлдириш мажбуриятлари белгиланди.

Давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри юритилади. Реестрга хабар берилган, аниқланган ҳамда тартибга солинган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА