Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва уларга ижобий ечим топиш бўйича янгича тизим йўлга қўйилган. Натижада ҳудудларда барча ташкилот ва идоралар томонидан фуқаролар томонидан қилинаётган мурожаатлар ўз вақтида ўрганилиб, ҳал этилмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани адлия бўлимига туман оила ва хотин-қизлар бўлими ходимларининг ёзма мурожаати келиб тушган. Унга кўра, туман оила ва хотин-қизлар бўлими тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ва ташкилий назорат бўйича етакчи мутахассиси Тўлқин Ибрагимов, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Улуғбек Акабоев ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маҳаллардаги хотин-қизлар фаоллари ишини мувофиқлаштириш ва бошланғич ташкилотлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахасиси Жаҳонгир Хушвақтовлар бўлим иш фаолиятини бошлагандан буён туман ҳокимлиги томонидан узоқ муддат хизмат қилганлик учун ҳар ойлик устама пуллари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб, ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилган.
Фуқаролар Т.Ибрагимов, У.Акабоев ва Ж.Хушвақтовларнинг мурожаати бўлим томонидан ўрганилганда Қашқадарё вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармасининг 2022 йил 28 июлдаги 19-сонли буйруғига асосан ходимларнинг кўп йиллик меҳнати учун ҳар ойлик устама пулларини тўлаб бериш белгиланганлиги, буйруқнинг иловасида Т.Ибрагимовга 30 фоиз миқдорда, У.Акабоевга 20 фоиз миқдорда ва Ж.Хушвақтовга 30 фоиз миқдорда кўп йиллик меҳнати учун ҳар ойлик устама пуллари тўлаш назарда тутилганлиги, бироқ туман ҳокимлиги томонидан ҳозирги кунга қадар ушбу устама пуллари тўлаб берилмаганлиги ҳолати аниқланган.
[gallery-10993]
– Аниқланган ҳолат юзасидан бўлимимиз томонидан туман ҳокимлигига Деҳқонобод туман оила ва хотин-қизлар бўлими ходимларининг кўп йиллик меҳнати учун ҳар ойлик устама пулларини тўлаб бериш бўйича тақдимнома киритилди, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Маҳманазар Тангриев. – Туман ҳокимлигига киритилган тақдимнома натижасига кўра, Деҳқонобод туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ходимларининг кўп йиллик меҳнати учун ҳар ойлик устама тўловлари тўлаб берилиши таъминланди ва уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА