Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, адлия органларининг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилган эди.
Адлия бўлимлари ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли таҳлил қилиш ва унинг изчиллиги, бир хиллигини таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Ҳуқуқий нормаларнинг ўзбошимчалик билан ва нотўғри талқин қилинишига йўл қўймаслик юзасидан жойларда давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолда таъминланиши ҳам улар зиммасига юклатилди.
Бу эса аҳолининг вилоятлар марказига юзлаб чақирим йўл босиб ўтирмай, ҳуқуқий муаммоларни ортиқча оворагарчиликсиз, жойларнинг ўзида ҳал этишга имкон яратди.
Тўғри, дастлаб кўзланган мақсадларга эришишда адлия органлари фаолиятига ишончсизлик билан қарашлар ҳам бўлди. Умуман олганда, ўтган уч йил давомида адлия бўлимлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш, юридик ва ҳуқуқий хизматни тартибга солиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада оширишнинг яхлит тизимини жорий этишда ўз ўрнига эга бўлди.
Ўтган уч йил давомида улар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, адлия бўлимлари томонидан 2018-2020 йиллар давомида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга 28 мингдан зиёд даъво аризалари, давлат органлари ва ташкилотларига 36 мингдан зиёд тақдимномалар киритилди. Давлат органлари ва ташкилотларида 13 мингга яқин назорат тадбирлари ўтказилиб, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича 12 минг 200 таклиф берилди.
Шунингдек, ташкил этилган йилдаёқ адлия бўлимлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг 8,5 мингга яқин мурожаатлари ҳал қилинди.
Бўлимлар томонидан 2018 йилда давлат органлари ва ташкилотларига киритилган тақдимномалар асосида фуқаро ва тадбиркорларнинг қарийб 3 миллиард сўм маблағи қайтарилган ёки тўлаб берилган. Ушбу кўрсатгич 2019-2020 йиллар давомида қарийб 10-20 баравар ортди. Яъни, фуқароларга 32,5 миллиард ва тадбиркорларга 70 миллиард сўм тўланган.
2019-2020 йиллар давомида фуқаро ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида судларгакиритилган даъво аризаларининг 98 фоизи қаноатлантирилди.
Адлия бўлимлари томонидан ҳал этилган масалаларнинг кўпчилигини меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонун нормаларига амал қилиниши, ер-мулк соҳасидаги муаммолар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик бўлаётган турли ҳолатлар ташкил қилади.
Бундан ташқари, адлия бўлимлари аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш борасида ҳам ўз ўрни ва йўналишига эга бўлиб бормоқда. Жумладан, адлия бўлимлари орқали ҳуқуқий саводхонликни юксалтириш ишлари “шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият” принципи бўйича узвий равишда амалга оширилмоқда.
2020 йилда пандемия шароитида аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 300 мингга яқин турли кўринишдаги ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Адлия бўлимлари келгусида ҳам ўз олдиларига қўйилган вазифаларни масъулият билан бажариш орқали юрт равнақи, халқ фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишда давом этади.
Севара Ўринбоева,
Адлия вазирлиги масъул ходими