Хатирчи тумани адлия бўлимининг маълум қилишича, туманда 68 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари қисқартирилган.
Ходимларга белгиланган тартибда огоҳлантириш хатлари берилиб, бу муддат пуллик компенсацияга алмаштирилган. Бироқ, маҳалла раиси ўринбосарларининг 38 нафар ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинган.
Муаммо шундаки, ташкилот томонидан ходимларга 92 миллион сўмдан ортиқ маблағ нафақалари тўлаб берилмаган.
Хатирчи туман адлия бўлими томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари номига киритилган тақдимномага асосан ушбу нафақалар тўлаб берилди. Афсуски, Адлия идораси ташаббус кўрсатмаганда, эҳтимол 38 нафар ходим нафақа тўловларига ҳаққи борлигини билмасди ҳам.
Бироқ, ўз ҳақ-ҳуқуқини билганлар ҳам бор. Масалан, Нурота туман адлия бўлимига ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактабларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақлари тўланмаётганлиги ҳақида йўллаган мурожаати юзасидан мониторинг ўтказилди. Ўрганишларда молия идораси томонидан тақдим этган маълумотларига кўра, Нурота туман Халқ таълими бўлими томонидан ўқитувчилар учун 2022 йил апрель ойи учун аванс (бўнак) сифатида иш ҳақлари тўланмаганлиги маълум бўлди. Чиндан, туман халқ таълими бўлими мактаб ходимларига ойида икки марта иш ҳақи бермай, Меҳнат кодекси талабларини бузган.
Мазкур мурожаат хотимаси ҳам адлия идораси аралашуви билан тумандаги жами 26 та умумий ўрта таълим мактабларида ишловчи ишчи-ходимларга 2022 йил апрел ойи учун 614 миллион 839 минг сўмлик аванс (бўнак) тўланиши билан якунланди.
Навоий вилояти Адлия бошқармаси матбуот хизмати