Адлия бўлими аралашгач...
Фуқаро юзага келган вазиятга ойдинлик киритиб беришда амалий ёрдам сўраб Навбаҳор туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
“Зарафшон” маҳалласи гарчи Хатирчи тумани ҳудудига кирсада, Навбаҳор тумани чегарасида жойлашгани боис, маҳалла фуқаролари асосан Навбаҳор тумани мутасаддиларига мурожаат қилади.
Умида Эшпўлатова Хатирчи туманининг “Зарафшон” маҳалласида истиқомат қилади. У оилавий шароитини яхшилаш мақсадида Навоий шаҳридаги қандолатчилик цехларидан бирига ёрдамчи бўлиб ишга киради. Цех томонидан иш ҳақи солиғи тўловида қарздорлик юзага келгани боис, Навбаҳор тумани давлат солиқ инпекциясидан фуқаро У.Эшпўлатова номига 2 миллион 37 сўм қарздорликни тўлаш бўйича огоҳлантириш хати юборилади. Фуқаро юзага келган вазиятга ойдинлик киритиб беришда амалий ёрдам сўраб Навбаҳор туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
– Адлия бўлими томонидан фуқаро мурожаати ўрганилганда, солиқ қарздорлиги нотўғри ҳисоблангани, яъни ҳақиқий қарздорлик 354 минг сўмни ташкил этиши ҳамда солиқ идораси томонидан юборилган огоҳлантириш хати нотўғри йўналтирилгани аниқланди, – дейди Навбаҳор тумани адлия бўлими масъул ходими Суннатилло Қаюмов. – Хусусан, Солиқ кодексининг 408-моддаси 1-қисмига кўра, солиқ тўловчининг календар ойида ишлаган кунлари сонидан қатъий назар ЯТТлар томонидан ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган суммада ҳамда ЯТТлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан ойига базавий ҳисоблашнинг 50 фоизи миқдорида солиқ тўланиши белгиланган. Шунингдек, мазкур модданинг 4-қисмида ЯТТ раҳбари зиммасига ўз ходимлари учун улар билан тузилган шартномага асосан солиқ тўлаш мажбурияти юклатилиши кўрсатилган.
Адлия бўлимининг аралашуви билан қарздорликни ундириш бўйича огоҳлантириш хати ЯТТ раҳбарига йўналтирилиб, туман ДСИга юзага келган хатолик учун тақдимнома киритилди. Фуқаро У.Эшпўлатова бугунги кунда ҳеч қандай тўловларсиз ўз фаолиятини давом эттирмоқда.